Муаммо тарихи билан Kun.uz эълон қилган қуйидаги мақолалар орқали танишишингиз мумкин:

Тошкент вилояти ва пойтахт ўртасида 1,1 гектар ер «талаш» бўляпти. Суд сохта ҳужжатга асосан қарор чиқарган

Тошкент вилояти ва пойтахт чегарасидаги низоли ҳудуд: Кадастр агентлиги хулоса берди, депутат бу хулосадан шубҳада

Кадастр соҳасида узоқ йил фаолият юритган Олий Мажлис депутати Нуриддин Султонов жумбоқли вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида соҳа мутахассислари билан жойига чиқиб ўрганиш ўтказилишини айтиб, бунга Kun.uz вакилларини ҳам таклиф қилган эди.

Kun.uz депутат таклифига асосан мазкур низоли ҳудуднинг бевосита ўзида олиб борилган ўрганишларни кузатди.

Низоли ер бўйича дастлаб Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси Ер назорати шуъба раҳбари Бекзод Тошхўжаев фикр билдирди.

Унинг айтишича, низоли ер 1994 йилда Тошкент шаҳри ҳудудига ўтган ва қандайдир тушунарсиз сабабларга кўра Зангиота ҳудудига ўтиб кетган. У низоли ер Тошкент шаҳри ҳудуди бўлиб келган вақтда Тошкент вилояти бу ҳудуддан суғориладиган ер сифатида фойдаланиб келганини, аммо бу ернинг вилоятга ўтиб қолишини англатмаслигини билдирди.

Шунингдек, Бекзод Тошхўжаев ҳудуд Тошкент вилоятига ўтадиган бўлса, аввал Тошкент шаҳар ҳокими билан келишилиши лозим бўлгани, бироқ бу иш қилинмаганини таъкидлади.

«Тошвилерлойиҳа» бўлинмаси директор ўринбосари Камолиддин Умаровнинг фикрлари эса бироз бошқачароқ бўлди.