15:19 / 06.02.2021
36837

Тошкентда 9 яшар қизга нисбатан талончилик содир этган жиноий жуфтлик ушланди

2021 йилнинг 3 февраль куни соат 16:00ларда номаълум шахслар Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Чўпонота кўчасининг поезд темир йўли билан кесишган чорраҳаси яқинида вояга етмаган 9 ёшли Арина Т.нинг қўлида бўлган нархи 2 100 000 сўмлик бўлган «Redmi 8 Lite» русумли уяли телефон аппаратини қўлидан юлиб олиб, ҳодиса жойидан қочиб кетишган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни фуқаро 21 ёшли Шаҳзод Б. ва Шоҳиста Б. содир этганликлари аниқланган.  

Ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Шаҳзод Б. ва Шоҳиста Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «в» банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилди.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида ўғирлаб олинган уяли алоқа телефон аппаратини улар «Малика» савдо мажмуасида 550 000 сўм пул эвазига сотиб юборганликлари, бундан ташқари, ушбу жиноятни содир этишга вояга етмаган шахсни жалб қилишганликлари ҳам аниқланган.

Ҳозирги вақтда юқорида кўрсатиб ўтилган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «в» банди (талончилик) ва 127-моддаси 3-қисми (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан айб эълон қилиниб, ҳар бирига нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади маълумотда. 

Top