Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Том устидаги тортишув: Тошкентдаги “Kislorod” мажмуасидаги қўшимча қурилишдан қўшнилар норози
Яккасарой туманидаги “Kislorod” турар жой мажмуаси томида қўшимча қурилма учун Яккасарой туман Архитектура ва шаҳарсозлик кенгашининг хулосаси олинган. Уйда яшовчилар бу қурилишдан норози. Мулкдорларнинг томдаги тортишуви судгача борган.
Тошкент шаҳрининг Бўрижар кўчасида жойлашган “Kislorod” турар жой мажмуасида яшовчи фуқаролар бинонинг том қисмида олиб борилаётган қўшимча қурилиш ишларидан норози бўлиб Kun.uz’га мурожаат қилишди.
«16-қаватдаги 139-хонадон эгалари умумий фойдаланиш мулкини, томни ўзлартириб, уйига қўшиб, уйининг давомини қилиб қуряпти. Бу масалани неча марта мажлисларга олиб чиққан, доим рад жавобини олган. Қурувчи компания - Murad Buildings бу тўғрисида расмий хат берган. Яъни томга ҳеч қанақа қурилиш мумкин эмас деган. Бу қўшни ҳамма ҳужжатлари борлигини айтган. Лекин бу қурилишга рухсатнома олиш учун камида 51 фоиз мулкдорларнинг рухсати керак. Бу тўғрисида ҳеч қандай овоз бериш, мажлис ўтказилмаган ва биздан розилик олинмаган. Ҳамма қўшнилар номидан гапиряпман”, - дейди мажмуада истиқомат қиладиган Дилдора Норқулова.
Аҳолига кўра, бу қурилиш амалга оширилса бинонинг ёнғин хавфсизлиги қисмига путур етиши мумкин. Қурилиш ишлари 24 соат режимда, кечаси 22:00 дан бошлаб эрталабгача давом этган пайтлар ҳам бўлгани айтилди.
«Вентиляция, ливниклар (қор-ёмғир сувларини чиқариш тизими), юқори кучланишли шитлар каби барча муҳандислик тизими томда жойлашган. 19 февралда Яккасарой тумани қурилиш инспекциясидан вакил келиб қурилиш ишларини олиб бораётган бригада билан акт тузишган: қурилиш ишлари тўхтатилиши, том ўз ҳолига қайтарилиши ҳақида. Томда очилган эшик бекитилди. Улар тасдиқловчи ҳужжатларни бермагунча иш бошланмаслиги ҳақида акт бор, 3 томонлама имзо қўйилган. Лекин 13 мартдан бошлаб бошқарув компаниясидан, аҳолидан розиликларсиз ишни бошлаб юборишди. Қўриқловчилар уларнинг техникасини ушлаб қололмади», - дея таъкидлади яна бир фуқаро.
Мурожаатчилар томдаги бу қурилишнинг аҳолига хавфи катта эканлигини, улар қуёш панеллари ўрнатмоқчи эканликларини, аммо бу шахс том қисмини ўраб олаётганини маълум қилишди.
Айни пайтда мажмуа аҳолиси таҳририятга тақдим этган ҳужжатларга кўра, уй томида қурилиш тақиқланган. Аммо мулкдор номидан қурилиш ишларини олиб бораётган ўзини Ҳожиакбар Эргашев деб таништирган шахс буни амалга ошириш учун бирор расмий ҳужжат тақдим этмади. У ҳужжатларни расмийлаштириш бошқарув компанияси бир неча бор алмашгани ва айрим даврларда масъул директор бўлмагани сабабли жараён тўлиқ якунига етмагани билан изоҳлади.
“Kislorod” турар-жой мажмуаси аҳолиси қурилишни тўхтатишни сўраб қурилишда назорат инспекциясининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган. Аммо натижа бўлмаган.
Маълум бўлишича, қурилиш учун Яккасарой тумани Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 15.12.2025 йилдаги лойиҳа хулосаси олинган. Бошқарув компанияси айни пайтда ушбу хулосани ҳақиқий эмас деб топишни сўраб судга ариза киритган.
Мавзуга оид
16:27 / 25.03.2026
Қурилиш соҳасида экологик талаблар кучайтирилади
21:16 / 21.03.2026
“Zamin qurilish”нинг “Rohat” турар-жой мажмуаси масъуллари қамоққа олинди
15:05 / 16.03.2026
Январда кичик бизнес ҳиссасига 6 трлн сўмлик қурилиш ишлари тўғри келди
14:24 / 14.03.2026