Жамият | 13:46 / 08.02.2021
3736
2 дақиқада ўқилади

Туркий Кенгаш делегацияси Ўзбекистонга келди

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдод Амрейев бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий Кенгаш) бош котиби Бағдод Амрейев бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи бошланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Маълумотларга кўра, ташриф доирасида Туркий Кенгаш бош котибининг Олий Мажлис Сенати раиси, Ташқи ишлар вазирлиги, Қишлоқ ҳўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Футбол ассоциацияси каби идора ҳамда ташкилотларнинг раҳбарлари билан учрашувлари бўлиб ўтиши назарда тутилган.

Учрашувлар давомида Туркий Кенгаш доирасидаги кўп қиррали ҳамкорлик истиқболлари ва умумий манфаатга эга бошқа долзарб масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши котибиятининг молиявий қоидалари тўғрисидаги битимга қўшилгани маълум қилинганди.

Маълумот учун, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йил 3 октябрда Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия ўртасида имзоланган Нахичеван битими билан тузилган халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. Ташкилотнинг асосий мақсади қардош мамлакатлар ўртасидаги ишонч ва алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодиёт, транспорт, энергетика, туризм ва маданий-маърифий соҳада ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришдан иборат.

Ўзбекистон 2019 йил сентябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилган.

Мавзуга оид