Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов қатор таклифларни илгари сурди.

“Туркий халқлар одатига кўра – қариндошлик алоқаларини ушлаб туриш учун тез-тез меҳмон бўлиш, бир бирини йўқлаб бориш анъанаси ота-боболаримиздан қолган.

Биз, бугун қардошлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва бир-биримизнинг уйимизда меҳмон бўлиш учун мавжуд саволларга жавоб топишимиз лозим.

Рухсатингиз билан қуйидаги таклифларимни билдириб ўтсам.

Биринчидан, Кенгашга аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасида транспорт логистика тизимини ривожлантириш долзарб масала ва бу умумий манфаатларимизга тўлиқ мос келади.

Бунинг учун, шаҳарлар ўртасида мунтазам ва чартер парвозлар ташкил қилиш, туристик поезд, автобуслар қатновини йўлга қўйиш ва сайёҳларнинг ўз автомобилида ҳаракатланишига имконият яратишимиз лозим.

Иккинчидан, давлатларимиз туризм салоҳиятини тарғиб қилиш ишларига янгича ёндашишимиз зарур.

Пойтахт ва туризм шаҳарлардаги аэропорт ва вокзалларда туризм маълумот марказларини ташкил қилган ҳолда тарғибот материалларини 24/7 режимида жойлаштиришни таклиф қиламан.

Бундан ташқари, маҳаллий телеканалларда туркий халқлар ва меҳмондўстлик тўғрисидаги кўрсатувларни доимий равишда эфирга бериб боришимиз керак.

Ўзбекистон томони “Туризм 365”, “ UzReport” ва “Тарих”, “Ал-Бухорий” халқаро йўлдош телеканалида Сиз томонингизда тақдим этиладиган дастурларни жойлаштиришга тайёрлигимизни маълум қиламиз.

Учинчидан, ҳозирги кунда долзарб бўлган масала – маданий мерос объектларимизни тиклаш, реставрация қилиш, қадимий архитектурасини йўқотмаган ҳолда сақлаб қолиш, рақамлаштириш, самарали менежментни жорий қилиш ва келажак авлодга етказишдир.

Шу мақсадда, Туркий кенгаш ҳузурида аъзо давлатларнинг маблағи асосида Маданий мерос объектларини асраш жамғармасини ташкил қилишни таклиф этаман.