12:02 / 09.02.2021
16406

Абдуманноп Тўлаганов президент маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланди

Ўзбекистон президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари тайинланди. 

Давлат раҳбари сайтида эълон қилинган фармон матнига кўра, Абдуманноп Абдужабборович Тўлаганов Ўзбекистон президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида иш бошлади.

Маълумот учун, Абдуманноп Тўлаганов юридик фанлар доктори, профессор ҳисобланади.

У янги лавозимда Акмал Бекмуродовнинг ўрнида иш бошлаган. 2020 йилнинг ноябридан буён Президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари - Давлат бошқаруви академияси ректори сифатида ишлаб келган Бекмуродов эндиликда фақат ректорлик лавозимини ўзида сақлаб қолган.

Ўзбекистон президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ҳозирда вакант турибди. Бу лавозимда 2019-2020 йилларда Шерзод Кудбиев ишлаган, у ўтган йил майида Давлат солиқ қўмитаси раислигига ўтказилганидан буён бу лавозим бўш қолмоқда.

Айни вақтда Қаҳрамон Қуронбоев ва Умар Исмоилов президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келяпти.

Top