Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мянмадаги исён: полиция намойишчиларга резина ўқлар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллашга ўтди
Мянма пойтахти Нейпидо шаҳри полицияси 1 феврал кунги давлат тўнтаришидан кейин ҳокимиятга келган ҳарбийлардан мамлакатга демократик бошқарувни қайтаришни талаб қилиб кўчаларга чиққан кўп мингли намойишчиларга резина ўқлар отишни бошлади.
Шунингдек, кўздан ёш сиздирувчи газ ва водомётлар қўлланган.
Хорижий мухбирларнинг воқеа жойидан хабар қилишича, полиция билан тўқнашувлардан кейин бир неча киши тан жароҳти олиб, шифохонага ётқизилган.
Янги ҳукуматнинг тақиқларига қарамай, Нейпидо ва Мянманинг бошқа йирик шаҳарлари - Янгон ва Мандалайда қаторасига тўртинчи кундирки норозилик намойишлари давом этмоқда.

Воқеалар қандай ривож топди?
Душанба тонгида Нейпидо полицияси илк бор намойишчиларга қарши сув тўпларини ишга солганди.
Шу куни кечқурун 1 феврал воқеаларидан кейин ўзини давлатнинг янги раҳбари деб эълон қилган қуролли кучлар бош қўмондони Мин Аунг Ҳлаин давлат телеканали эфирида чиқиш қилиб, ҳеч ким қонундан устун турмаслигини айтган, шу билан бирга, тўғридан тўғри таҳдид қилишдан тийилганди. Ундан кейин экранда пайдо бўлган бошловчи эса «қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши кераклиги»ни айтганди.
Сешанба куни тонгида Нейпидода полиция яна сув пуркагичларни ишга солди. Аммо оломон чекинмади ва «Йўқолсин диктатура!» дея ҳайқирди. Шунда полициячилар, Reuters агентлиги хабарига кўра, ҳавога бир неча ўқ узишган, кейин оломонга қарата резинали ўқлар отилган.
Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири «Франс пресс» мухбирига икки бор огоҳлантириш ўқлари узилганини айтиб ўтган.
Пойтахтдаги госпитал ходими, ўз шахси сир сақланиши шарти билан BBC Бирма хизмати мухбирига унинг олдига икки кишини олиб келишгани, улардан бири бошидан, иккинчиси кўкрагидан жароҳат олгани ҳақида айтиб берган. Улар қандай ҳолатда жароҳатланишгани номаълум қолган.

Бошқа бир врач Reuters агентлигига кўринишидан резина ўқдан жабрланган уч кишига тиббий ёрдам кўрсатганини айтиб ўтган.
Шунингдек, айрим полициячилар намойишчилар томонига ўтгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар келмоқда. Бундай хабарларда, айрим жойларда полициячилар намойишчиларга қаршилик кўрсатмай, йўлларда ўрнатилган тўсиқлардан эмин-эркин ўтишига шароит яратиб бераётгани айтилган.
BBC’нинг Жанубий-Шарқий Осиё бўйича корреспонденти Жонатан Ҳэд полиция кундан кунга қатъийроқ ҳаракат қилаётгани, аммо ҳозирча ўлимвор қуроллар ишлатмагани ҳақида қайд этиб ўтган.
Ҳарбий диктатурага қарши 1988 ва 2007 йилларда ўтказилган шу каби намойишлар кўплаб одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келганди.

Ўн минглаб ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа давлат хизматчилари ҳар куни кўчаларга чиқиб, ҳокимиятни демократик сайланган парламентга беришни ҳамда президент Вин Мьин, «Демократия учун миллий лига» партияси етакчиси Аунг Сан Суу Ки ва бошқа кўплаб сиёсатчиларни озод қилишни талаб қилишмоқда.
Ўтган йил ноябрида бўлиб ўтган парламент сайловларида «Миллий лига» 80 фоиздан ортиқ овоз олиб, ғалаба қозонган. Ҳарбийлар бирор далил келтирмасдан бу сайлов натижалари сохталаштирилганини даъво қилишган. 1 феврал куни улар аскарларни пойтахт кўчаларига олиб келиб, янги парламентнинг илк йиғилиши ўтказилишига йўл қўймасдан, давлатнинг амалдаги раҳбарларини уй қамоғига ташлашди ва мамлакатда бир йилга фавқулодда ҳолат режини жорий этишди, бундан ташқари, йирик шаҳарларда тунги комендантлик соати амал қилмоқда.
Душанба кунги телевизион чиқиш генерала Ҳлаин учун давлат тўнтариши амалга оширилган кундан буён биринчиси бўлди. У яна бир бора ўз ҳаракатларини сайловлар вақтидаги «оммавий сохтакорлик»ка жавоб сифатида оқлади ва бу сафар ҳам бу айбловига бирорта факт келтирмади.
У муайян кунни айтмасдан, янги тузилган марказий сайлов комиссияси томонидан янги сайловлар ўтказилишини, армия бу сайлов ғолибига ҳукуматни топширишини ваъда қилган.
У шунингдек, ҳозирги ҳарбий бошқарув Мянмада 1962-2011 йилларда ҳукм сурган ҳарбий диктатурадан фарқ қилишини, мамлакатда «гуллаб-яшнаётган интизомли демократия» тузилаётганини айтиб ўтган. Бу ибора ижтимоий тармоқларда кулгига сабаб бўлган.

Сешанба куни Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн Мянманинг ҳарбий амалдорлари билан алоқалар узилгани ва уларга Янги Зеландия ҳудудига кириш тақиқланганини маълум қилди.
Ардерн унинг мамлакати 2018-2021 йилларда Мянмага жами 30,5 миллион доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатганини таъкидлаб ўтган.
Бу халқаро жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳарбий режимни изоляциялашга қаратилган илк амалий қадам бўлди.
Мянма ёки Бирма?
Мянма - Жанубий-Шарқий Осиёдаги 54 миллион аҳолига эга давлат бўлиб, Таиланд, Лаос, Бангладеш, Хитой ва Ҳиндистон билан чегарадош. Аҳолисининг катта қисми бирма тилида сўзлашади ва буддизмга эътиқод қилади.
Мамлакат 1948 йилда Буюк Британия мустамлакасидан озод бўлган ва 49 йил давомида маҳаллий ҳарбийлар томонидан бошқарилган.
1989 йилда улар мамлакат номини Бирмадан Мянмага ўзгартиришган. Қатор давлатлар, шу жумладан Бирлашган Қироллик ҳарбий режимни тан олмаслик белгиси сифатида давлатни аввалги номи билан аташда давом этган, аммо «Мянма» номидан вақт ўтган сайин кўпчилик фойдалана бошлаган. 2016 йилда мамлакатнинг амалдаги раҳбари Аунг Сан Суу Ки икки ном ҳам тенг кучга эгалигини эълон қилган.
Мустамлакачиларга қарши кураш даври қаҳрамони бўлган генералнинг қизи Аун Сан Суу Ки 30 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакатда демократия ўрнатилиши учун курашди. У ҳозирда 75 ёшда.
У жами 15 йилни қамоқда ўтказади. 1991 йилда унга тинчлик йўналишида Нобел мукофоти топширилади.
2011 йилда ҳарбийлар халқаро ҳамжамият босими остида босқичма-босқич демократияга ўтиш жараёни ҳақида эълон қилишади, аммо улар парламентдаги ўринларнинг 25 фоизини ўзлари учун кафолатлаб қўйишади, шунингдек, куч ишлатар тузилмалар устидан назоратни сақлаб қолишади.
Шундан кейин ўтказилган сайловларда Аунг Сан Суу Кининг партияси ғалаба қозониб келмоқда.

Ҳарбийлар олдиндан конституцияга давлат раҳбари лавозимини қариндошлари орасида хорижий давлат фуқаролари бўлган шахслар эгаллай олмаслиги хусусида банд киритиб қўйишгани туфайли у президент бўла олмайди (Аунг Сан Суу Кининг Бирлашган Қироллик фуқароси билан турмушидан икки фарзанди бор). Аммо у ўзи учун давлат маслаҳатчиси лавозимини тузиб олиб, амалда мамлакатнинг асосий раҳбарига айланади.
2017 йилда мамлакат шимолидаги Ракҳайн штатида яшовчи бенгал тилида сўзлашувчи роҳингяларга мансуб бўлган айирмачилар маҳаллий полиция маҳкамасига ҳужум уюштиргач, Бирма армияси ушбу халққа қарши қатағон бошлайди. Натижада 700 мингдан ортиқ роҳингялар қўшни Бангладешга қочиб ўтишади.
Шундан сўнг Аунг Сан Суу Кининг халқаро майдонда демократ ва инсон ҳуқуқлари учун курашчи сифатидаги обрўси кескин тушиб кетади, аммо у мамлакат ичидаги нуфузини сақлаб қолади.
Ҳозирда Аунг Сан Суу Ки ва президент Вин Мьин икки ҳафта муддатга уй қамоғига ташланган. Давлат маслаҳатчисига нисбатан мамлакатга ноқонуний равишда 7та рация олиб кириш бўйича айблов эълон қилинган, президент эса ўтган йилги сайловлар арафасида мамлакат бўйлаб сафар қилиб, карантин чекловларини бузишда айбланмоқда.
ОАВ ушбу айбловлар кулгили бўлишига қарамасдан, бу айбловлар бўйича чиқариладиган қарорлар келгусида уларни сайлов орқали давлат лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкинлигига урғу қаратмоқда.
Давлат тўнтариши ЕИ, Британия ва Австралия ҳукуматлари томонидан қораланган. АҚШ президенти Жо Байден ҳарбий режимга санкциялар билан таҳдид қилган.
Аммо Хитой ўтган ҳафтада БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳарбий исённи қоралаш кўзда тутилган резолюцияни блоклади, минтақадаги қўшни давлатлар - Камбожа, Таиланд ва Филиппин эса давлат тўнтаришини Мянманинг ички иши деб баҳолашди.
Мавзуга оид
22:04 / 31.05.2026
Мянмада бинода юз берган портлаш оқибатида 46 киши ҳалок бўлди
10:39 / 24.04.2026
Дунёдаги опий ва героин энг кўп тайёрланадиган жой — гиёҳванд моддалар макони бўлган Олтин учбурчак
10:26 / 04.04.2026
Мянма ҳарбий хунтаси раҳбари президент этиб сайланди
09:07 / 31.03.2026