Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мянма ҳарбий хунтаси раҳбари президент этиб сайланди
Мянмада 2021 йилдан буён мамлакатни амалда бошқариб келаётган ҳарбий хунта раҳбари Мин Аун Ҳлайн президент этиб сайланди. Бу қарор 3 апрел, жума куни Мянма парламенти томонидан қабул қилинди.
Фото: AP
Бундан бир неча кун олдин 69 ёшли ҳарбий хунта етакчиси президентликка номзодини қўйиш имконига эга бўлиш учун Қуролли кучлар бош қўмондони лавозимидан истеъфога чиққан эди. Танқидчилар бу сайловларни Мин Аун Ҳлайннинг ўз ҳокимиятига демократик қонунийлик кўринишини беришга уриниши сифатида баҳоламоқда.
Январ ойида фуқаролик уруши домидаги Мянмада ҳарбий хунта ташкил этган парламент сайловлари якунланди. Расмий маълумотларга кўра, уларда ҳарбийлар тарафдори бўлган Иттифоқ бирдамлиги ва тараққиёти партияси ғалаба қозонган. Кузатувчилар эса бу сайловларни мамлакатда тўнтариш орқали ҳокимиятни эгаллаганлар ҳукмронлигини қонунийлаштиришга қаратилган “сохта сайлов” деб атаган.
Мянмада 2021 йил февралида ҳарбий тўнтариш юз берган. Мамлакат раҳбарлари, жумладан давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи ва президент Вин Мин ҳибсга олинган. Ҳокимият Қуролли кучлар олий бош қўмондони Мин Аун Ҳлайн ва ҳарбий тузилмалар қўлига ўтган.
Генераллар тўнтаришни 2020 йилги сайловларда гўё қонунбузилишлар бўлгани билан изоҳлаган эди. Ўша сайловларда Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Аун Сан Су Чжи бошчилигидаги “Демократия учун миллий лига” партияси катта устунлик билан ғалаба қилган. Аммо ҳарбийлар бу қонунбузилишларга доир ҳеч қандай далил тақдим этмаган.
Аун Сан Су Чжи бир қатор айбловлар бўйича айбдор деб топилиб, қамоққа олинган. 2024 йил апрелида эса у уй қамоғига ўтказилган.
2025 йил июлида фавқулодда ҳолат режими тугагани расман эълон қилинган бўлса-да, амалда мамлакатдаги ҳокимият ҳануз ҳарбийлар назорати остида қолмоқда.
Мавзуга оид
09:07 / 31.03.2026
Мянмада хунта раҳбари президентликка номзод қилиб кўрсатилди
20:40 / 02.02.2026
Хитойда Бирма мафиясининг яна тўрт аъзоси қатл этилди
16:43 / 29.01.2026
Хитойда онлайн фирибгарлик билан шуғулланган синдикатнинг 11 аъзоси қатл этилди
14:35 / 26.01.2026