Ўзбекистон | 11:55 / 09.02.2021
3847
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида янги келишув бўйича музокараларнинг еттинчи раунди бошланди

 

8 феврал куни видеоконференция форматида савдо масалалари бўйича ишчи гуруҳлар доирасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) бўйича музокараларнинг еттинчи раунди бошланди. «Дунё» АА хабарига кўра, музокаралар 12 февралга қадар давом этади.

Тадбирга Ўзбекистон инвестиция ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Обидов ҳамда Европа Комиссиясининг Жанубий Осиё, Яқин Шарқ, Туркия, Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо бўйича бош директори Тимо Ҳаммарен раислик қилади.

Бундан ташқари, музокараларда республиканинг турли вазирлик ва идоралари, шунингдек, Европа Иттифоқи ташкилотлари вакиллари иштирок этади. Музокаралар давомида томонлар шартнома лойиҳасининг савдо масалаларига бағишланган бўлимларини муҳокама қилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, музокараларнинг олтинчи раунди 2020 йил 14-18 сентябр кунлари видеоконференция шаклида бўлиб ўтган.

Аввалроқ, Ўзбекистон ҳукумати 2021 йилнинг 1 июнига қадар Европа Иттифоқи бозорларига 3000га яқин маҳсулотларни божхона тўловларисиз, 3200 турдаги маҳсулотларни эса пасайтирилган ставкалар бўйича экспорт қилиш имкониятини берувчи Европа Иттифоқининг GSP+ тизимига доир имтиёзларни қўллаш бўйича дастур ишлаб чиқиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид