Жамият | 20:31 / 09.02.2021
19781
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Олмазорда «снос»лар ичида яшаётган оилага 2 млрд сўм компенсация тўланди

4 февраль куни Kun.uz «Снос»лар бағридаги ҳаёт: олмазорлик оила яна қанча вақт харобада яшайди?» номли танқидий мақола эълон қилган эди.

Мақолада Ислом цивилизацияси маркази қурилиши сабабли «снос»га тушган, лекин ҳудуддаги ҳамма уйлар бузилган бўлса-да, бир хонадон харобалар ичра яшашга мажбур бўлаётгани ҳақида сўз юритилганди.

Kun.uz мухбири орадан 10 кун ўтиб, яна ўша манзилда бўлди. Хонадон соҳибаси Нодира Ғаниеванинг маълум қилишича, ниҳоят уйлари бузилиб, эвазига 2 млрд сўмдан зиёд товон пули берилган.

Ғаниеванинг айтишича, сайтда чиққан мақоладан сўнг орадан уч кун ўтиб туман ҳокимлиги компенсация масаласини ҳал қилган.

«Орадан уч кун ўтиб, учта пластик карточкасига ота-онам, укам ва ўзим учун 703 миллион сўмдан пул ташлаб беришди. Ҳозир Самарқанд дарвоза томондан 4 хонали уй олдик. Яна 2 та уй олишга етадиган пулимиз бор.

Туман ҳокимлигига, президентимизга раҳмат айтмоқчиман. Жудаям хурсандмиз. Барчаларингизга раҳмат. Оила аъзоларим жудаям бахтли» – дейди Нодира Ғаниева.

Аслида оммавий ахборот воситасида чиқмай туриб ҳам бу масалага ечим топиш мумкин эди. Бунинг учун мутасаддилар фуқароларнинг бирламчи ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилишлари, уларнинг ҳолатини ўз таналарида ҳис қилиб кўришлари лозим, деб ҳисоблаймиз.

Мавзуга оид