Иқтисодиёт | 21:42 / 11.02.2021
11535
2 дақиқада ўқилади

2020 йилда ҳудудлар бўйича давлат бюджетига тушган тушумлар миқдори маълум қилинди

2020 йилда Ўзбекистоннинг барча вилоятларида бюджетга тушган тушумлар миқдори камайган. Ҳудудлар бўйича энг кўп тушумлар Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган.

Давлат солиқ қўмитаси 2020 йилда давлат бюджетига тушган тушумлар ҳақида маълумот берди.

2020 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда жами тушумлар миқдори 103,6 триллион сўмни ташкил этган.

Ҳудудлар бўйича энг кўп тушумлар Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган (11 триллион 668 миллиард сўм). Бу кўрсаткич республика умумий тушумларининг 11 фоизини ташкил этган. Таққослаш учун, 2019 йилда Тошкент шаҳрида бундай тушумлар миқдори 20 триллион 151 миллиард сўмга тенг бўлган.

Кейинги поғоналарни Тошкент вилояти (3 триллион 288 миллиард сўм, бу кўрсаткич 2019 йилда 9 триллион 441 миллиард сўм бўлган) ва Фарғона вилояти (2 триллион 532 миллиард сўм, 2019 йилда 3 триллион 965 миллиард сўм бўлган) эгаллаган.

Ўтган йил давомида давлат бюджетига энг кам тушумлар Сирдарё вилояти (766 миллиард сўм), Навоий вилояти (1 триллион 41 миллиард сўм) ва Жиззах вилояти (1 триллион 93 миллиард сўм) ҳиссасига тўғри келган.

2020 йилда давлат бюджетига тушумларнинг энг катта қисми йирик солиқ тўловчилар (67 триллион 672,7 миллиард) томонидан амалга оширилган. Бу кўрсаткич 2019 йилда 10 триллион 353 миллиард сўмга тенг бўлганди.

Маълумот учун, 2019 йилда давлат бюджетига тушган тушумлар миқдори 83,2 триллион сўмни ташкил қилган. Ҳудудлар бўйича тушумлар миқдори камайишига қарамай, йирик солиқ тўловчилар ҳисобига 2020 йилда давлат бюджетига тушумлар миқдори кўпайган.

Аввалроқ, энг кўп солиқ тўлайдиган йирик солиқ тўловчиларнинг ўнталиги ҳақида маълумот берилган.

Мавзуга оид