Ўзбекистон | 16:02 / 11.02.2021
8041
6 дақиқада ўқилади

«Иккинчи босқичдан бош тортаётган кўнгиллилар ҳам бор» — Инновация вазири вакцина синовидаги муаммолар ҳақида

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнига тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда хитойликларнинг коронавирусга қарши вакцинаси тадқиқотида иштирок этувчилар сони 5 мингдан 9 мингга оширилгани бўйича изоҳ берди.

«Кўнгиллилар сонининг кўпайтирилиши янги штамм кириб келиши билан боғлиқ эмас. Биз 18 минг дона вакцина олиб келдик. Бу вакцина уч дозада қилинади ва 5 минг кишини эмлаш учун 15 мингта вакцина керак бўлади. Орада етишмовчиликлар бўлмаслиги учун 18 минг доза олганмиз.

Дастлаб 5 минг доза олганимизнинг сабаби – вакцинанинг самарадорлигини билиш эди. Самарадорлик қандай ўлчанади? Тадқиқотда қатнашувчилардан 2500 нафари ҳақиқий вакцина билан, қолган 2500  нафари физиологик эритма - плацебо билан эмланади. Натижа қачонки касаллик юзага чиқсагина билинади. Яъни эмланганлар касал бўлиши керак.

Бизда эпидемиологик вазият барқарорлашгани сабабли натижани кўриш сал қийин бўляпти. Шунинг учун кўпроқ одамларни қамраб олишга мажбур бўляпмиз. Шу туфайли, янада кўпроқ одамларни қамраб олишга мажбур бўляпмиз. Касалланиш даражасини кўрмай туриб, вакцина зўр ишлаяпти деб айтолмаймиз.

Масалан, ҳар ўн касалдан биттаси вакцина олган бўлса, қолган тўққизтаси плацебо берилганлар бўлса, вакцинанинг самарадорлигини 90 фоиз дейиш мумкин бўлади. Дунёда шундай ҳисоб-китоб қилинади. Шунинг учун плацебо усули қўлланади», деган вазир.

Абдураҳмонов ҳозирда Ўзбекистонда карантин чекловлари деярли бекор қилинганига қарамай, касалланганлар сони ўсиши кузатилмаётгани туфайли имкон қадар каттароқ миқёсда тадқиқот ўтказиш зарурати юзага келганини қайд этиб ўтган.

«Вакциналар сони кўпайтирилишининг бир неча сабаби бор. Биринчи сабаб – қамровни кенгайтириш билан тадқиқот мақсадига янаям аниқроқ етиш ҳисобланади.

Иккинчи сабаб – кўнгиллилар. Вакцина 3та дозада бир ой оралиқ вақт билан қилинади. Уч ойда учта доза амалга оширилиши керак. Кўнгиллиларни иккинчи дозани олишга ҳам чақиряпмиз. Шунда фикридан қайтганлар ҳам бўляпти. Биз буни кутмагандик. Биринчи дозани олганидан кейин, иккинчи дозани керакмас, биринчи доза етади, дейдиганлар ҳам бор.

Шунинг ҳисобига 5000 кишилик контингент камайиши кузатилиши мумкин. Бу билвосита сабаблардан бири.

Лекин энг асосий сабаб – мамлакатда инфекция тарқалиши жараёни анча секинлашганидир. Натижада, ўзимиз эмлаган одамлар орасида касалланиш даражасини ўзимиз кутгандек кўра олмаяпмиз.

Ҳозир 1-дозани олганлар 5000 нафардан ошди. Шулардан барчаси қолган дозаларниям олишганда бу қамровни кенгайтиришга ҳожат йўқ эди. Тадқиқотни охиригача амалга ошириш учун шу фикрга келинди. Кўнгиллилар сонининг оширилиши натижани янаям аниқроқ билиш учун керак бўлади.

Албатта эмланганлар орасидан касалланганлар чиқяпти, симптомлари борлар ҳам учраяпти. Лекин бу кам. Агар биз кўпроқ одамда кўрсак, агар кўпроқ одамда плацебо билан эмланганда касаллик чиқса, шунда биз вакцина қанчалик самарадорлиги ҳақида хулосага келишимиз мумкин. Битта муҳитда яшаб туриб, вакцина олганлар касал бўлмай, плацебо олганлар касал бўлишини кўрсак, вакцина ҳимояламоқда дейишимиз мумкин», дейди вазир.

У бу вакцина коронавируснинг янги штаммларига ҳам чидамли эканини қайд этиб ўтган.

«Бу Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётган илмий тадқиқот, дунё стандартлари даражасидаги тадқиқот. Комплекс тадқиқот. Лекин одамларни мажбур қила олмаймиз, фақат кўнгиллилар иштирок этиши мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиманки, бу катта имконият. Айтишим мумкинки, бу универсал вакцина. Ҳар қанақа штаммларига қарши кураша оладиган антитаналар ҳосил қилади. Янги вариантларга ҳам бошқа вакциналарга қараганда юқори даражада чидамли ҳисобланади.

Ҳозирда бу тадқиқотни тугатмасдан натижаларни эълон қила олмаймиз, вакцинани янги штаммларга қарши текширяпмиз. Лекин дастлабки хулосаларга кўра, бошқа вакциналарга қараганда янги штаммларга чидамли эканлиги кўриняпти», дея таъкидлаган вазир.

Маълумот учун, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан олиб борилаётган вакцина синовларининг тўлиқ номи «Янги коронавирус рекомбинант вакцинаси (CHO ҳужайраcи)нинг 18 ёшдан юқори бўлган инсонлардаги хавфсизлиги ва COVID-19 дан ҳимоя қилиш самарадорлигини аниқлаш учун ўтказилаётган тасодифий, икки-томонлама номаълум, плацебо назоратли III фаза клиник синови» деб номланади. Ушбу клиник синовга Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси ҳомийлик қилади. Ушбу тадқиқот бутун дунё бўйича бир неча марказларда, «икки томонлама номаълум», плацебо-назорат усулда олиб борилиб, 18 ёшдан ошган жами 29 минг кўнгилли иштирокчиларни қамраб олади.

Плацебо – вакцина билан бир хил кўринишга эга, ўзида номзод вакцина ёки дори воситаси тутмаган, фаол таъсирга эга бўлмаган бирикмадир. Ушбу тадқиқотдаги плацебонинг ҳар бир идишида 0,5 мл суюқлик таркибида 0,25мг алюминий гидроксиди бўлади, вакцина NCP-RBD оқсили бўлмайди.

Клиник синовга қабул қилингандан сўнг ҳар бир кўнгиллига қабул қилинган куннинг 1-, 30- ва 60-кунлар оралиғида елканинг делтасимон мушаги орасига тадқиқот вакцинаси ёки плацебо 3 дозада инъекция қилинади.

«Тасодифий» деганда кўнгилли иштирокчининг вакцина ёки плацебо гуруҳига тасодифий равишда белгиланиши тушунилади. Бу худди танганинг икки томондан бири тушиш эҳтимолига ўхшайди. «Икки томонлама номаълум» дегани бу ҳам тадқиқотчига, хам кўнгиллига қайси гуруҳга киргани номаълумлигини билдиради. Ушбу гуруҳларга бўлиниш жараёнида инсон омили ёки таъсири бўлмайди. Тадқиқотчи кўнгилли иштирокчининг қайси гуруҳга мансублигини фақатгина фавқулодда вазиятда, синовга аралашмайдиган олдиндан тайинланган ходимлар орқали аниқлаши мумкин.

Мавзуга оид