Ўзбекистон | 10:21 / 11.02.2021
3705
2 дақиқада ўқилади

Наманганда алиментдан қарздорлиги бўлган 20 мингга яқин шахснинг четга чиқиши чекланди

Наманганда алимент тўловидан қарздорлиги бўлган 19 760 нафар шахснинг мамлакат ҳудудидан четга чиқиши вақтинча чекланди. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси мутасаддилари томонидан ўтказилган матбуот анжумани давомида маълум қилинди.  

Бугунги кунда вилоятда алимент ундириш билан боғлиқ жами 33 756та ижро ҳужжатидан 8 417таси тамомланган. Қолаётган 25 мингдан ортиқ ижро ҳужжати бўйича маҳалла вакиллари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, алимент тўловларини ундириш ва оилаларни яраштириш чоралари кўриб борилмоқда.

- 2020 йил давомида 617 нафар алимент тўлашдан бўйин товлаган шахсга нисбатан суд қарорлари билан маъмурий қамоқ тарзидаги жазо чораси қўлланган. Бу чорадан кейин ҳам 2 ойдан ортиқ муддат мобайнида алимент тўламагани учун 10 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, — деди МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусанбой Турсунов.  

Қайд этилишича, ўтган йил якуни билан бошқарма томонидан жами 94 миллиард сўм давлат фойдасига ундирилган. Давлат раҳбарининг 2020 йил 24 ноябрдаги тегишли фармонига мувофиқ, ижро ҳужжати бўйича ундирилган маблағларнинг 50 фоизи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳолини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши белгиланган. 

Шундан келиб чиқиб, 2020 йил декабрь ойи давомида давлат фойдасига ундирилган 10 миллиард 377 миллион сўм маблағдан тенг ярми - 5 миллиард 188 миллион сўми эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилиши таъминланган, дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

Мавзуга оид