Ҳафта охирида об-ҳаво шароити кескин ўзгариши кутилмоқда
Бугун Ўзбекистон бўйича Эрон ҳудудларидан илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши давом этади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар бермоқда.
Ҳарорат фони иқлим меъёрларидан 8-10 даражага кўп бўлади ва 15-20 даража илиқ, жанубда 22-27 даража иссиқ атрофида бўлади.
16 февралдан 18 февралгача Эрон ҳудудларининг жанубидан жуда илиқ ҳаво кириб келиши кучаяди. 18 февраль куни энг иссиқ кун бўлиши кутилмоқда. Ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 13-15 даражага кўп бўлади ва метеорологик кузатув даври учун шу кунларнинг мутлақ қийматларидан кўп бўлади.
Иш ҳафтасининг охирига келиб, об-ҳаво шароити кескин ўзгариши кутилмоқда.
18-19 февраль кунларида босим ўзгаришида республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача, баъзан 25-30 м/с гача кучайиши мумкин.
Ҳафта охирида республика бўйича ёмғир ёғади, шимолда ёмғир қор аралаш ёғади. Тоғли ҳудудларда ёғингарчилик кучли бўлади.