Ўзбекистон | 21:49 / 16.02.2021
4797
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Савдони соддалаштириш глобал дастурига аъзо бўлди

Давлат божхона қўмитасида Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Оливре Шав билан ушрашув ўтказилди. Қўмита хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон тарихида илк бор Савдони соддалаштириш глобал дастурига аъзо бўлиш бўйича расмий ҳужжатлар имзоланган.

Фото Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Мазкур дастур Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ташқи савдо соҳасида ривожланаётган давлатлар фаолиятини халқаро савдо соҳасидаги стандартларга мувофиқлаштириш ҳамда экспорт, импорт ва тижорат товарларининг ҳаракатланиши соҳасидаги тажрибаларини оширишга қаратилган. Дастурни Швейцария Конфедерацияси молиялаштиради.

Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Кунио Микуриа 2019 йилнинг март ва ноябрь ойларида Ўзбекистонга ташрифлари давомида ўтказилган музокараларда Савдони соддалаштириш глобал дастурига аъзо бўлиш таклифини билдирган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2020 йилда ташқи савдо соҳасида халқаро даражада эътироф этилган ҳужжатлар – савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича Киото Конвенцияси ва вақтинча олиб кириш бўйича Истанбул Конвенциясига қўшилган.

Аввалроқ, Ўзбекистон ҳукумати 2021 йилнинг 1 июнига қадар Европа Иттифоқи бозорларига 3000га яқин маҳсулотларни божхона тўловларисиз, 3200 турдаги маҳсулотларни эса пасайтирилган ставкалар бўйича экспорт қилиш имкониятини берувчи GSP+ тизимига доир имтиёзларни қўллаш бўйича дастур ишлаб чиқиши маълум қилинганди.

Шунингдек, Ўзбекистонда 5200та янги стандартларни жорий этиш, 1723та миллий стандартларни ва 12та техник регламентни халқаро талабларга мувофиқлаштириш режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид