18:09 / 18.02.2021
8131

Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактаблари махсус интернет тарифига уланмоқда

Республиканинг барча мактаблари махсус «Eduсation» тарифига ўтказилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамованинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, ҳозирда Ўзбекистондаги 10 минг 8та мактабдан 5 мингга яқин умумтаълим мактаблари «O‘zbektelekom» томонидан махсус ишлаб чиқилган «Education» тариф режасига уланди. Кенг полосали интернет тармоғига уланиши имконияти бўлган қолган мактабларни ҳам ушбу тарифга ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ишлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Тариф бўйича қуввати 500 ўқувчи ўрнидан кам бўлган мактаблар учун интернет тармоғига уланиш тезлиги 10 Мбит/с, 501 дан 1 000 гача – 40 Мбит/с, 1 000 ва ундан юқори ўқувчи ўринли мактаблар, информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган мактаблар – 100 Мбит/с тезликда уланиши кўзда тутилган. «Tas-IX» тармоқларига уланиш тезлиги барча «Eduсation» тарифларида 100 Мбит/с.ни ташкил этади.

Янги тариф ёрдамида электрон таълим ресурслари (kitob.uz, edumarket.uz, edukids, Kundalik.com тизими ва бошқалар)да ишлаш, Очиқ онлайн курсларидан фойдаланиш, қўшимча таълим олиш учун YouTube ва бошқа ташқи платформалардан фойдаланиш мумкин.

«Бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги томонидан барча мактабларда компьютер хоналари доимий равишда очиқ туриши ва ўқувчилар бундан самарали фойдаланган ҳолда ўзларининг АКТ саводхонлигини ошириши учун шароитлар яратиляпти. Бундан кўзланган мақсад ўқувчиларнинг кўчада бемақсад юрмасликларига, вақтдан самарали фойдаланишларига, умуман, интернетдан тўғри фойдаланишни ўрганишларига эришишдир», дейди вазирлик расмийси.

Бундан ташқари, ўқитувчилар учун ҳам ўз устида ишлашлари учун халқаро таълим платформалари ва ресурсларидан эркин фойдаланишларига имконият яратилди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунгача барча мактаблар Ziyonet тарифидан фойдаланган бўлиб, ундаги тезлик ҳамда интернет ресурслари чегараланган эди.

Top