Ўзбекистон | 09:14 / 19.02.2021
3690
4 дақиқада ўқилади

Андижон ҲЭТК: «Обод қишлоқ» дастури бўйича 76та маҳаллада электр таъминоти яхшиланди  

Ўзбекистон ҳудудларида амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури муаммо ва камчиликларга амалий жавоб, халқнинг кайфиятини кўтарадиган, ободлик ва иқтисодий юксалишга чорлайдиган лойиҳа сифатида юзага келди. “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ишчи гуруҳи томонидан жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида айни муҳим жиҳатларга эътибор қаратилмоқда.

“Андижон ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, Андижон вилояти шаҳар ва туманларидаги 76та маҳалла фуқаролар йиғинида электр энергияси таъминотини яхшилаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича олиб борилган ўрганишлар натижасида шароити ўта оғир деб топилган, туман секторлари раҳбарларининг эътиборидан четда қолиб кетган 16та ҳудуд танлаб олинди.

Жумладан, Асака туманидаги “Улуғбек”, Бўстон туманидаги “Сарбон”, Жалақудуқ туманидаги “Осуда ҳаёт”, Избоскан туманидаги “Куйганёр”, Марҳамат туманидаги “Тўлға”, Қўрғонтепа туманидаги “Дардоқтепа”, Олтинкўл туманидаги “Хўжа”, Улуғнор туманидаги “Теракзор”, Хўжаобод туманидаги “Ордай”, Шаҳрихон туманидаги “Тўлқин”, Андижон туманидаги “Мустақиллик”, Балиқчи туманидаги “Сиза”, Булоқбоши туманидаги “Шарқ юлдузи”, Пахтаобод туманидаги “Зиёли”, Хонобод шаҳридаги “Юксалиш” ва Андижон шаҳридаги “Садда” маҳаллаларида амалий ишларга киришилди.

Режага мувофиқ, мазкур ҳудудларда 24,7 км узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари тортилиб, 15та янги трансформатор пункти ўрнатилади. 38,4 км тармоқдаги 21та трансформатор пункти мукаммал таъмирдан чиқарилади.

“Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти бош директори А.Жўраевнинг маълум қилишича, жорий йилги давлат дастури асосида вилоят бўйича 1 146 км электр тармоқлари тортилиб, 306та янги трансформатор пункти ўрнатилиши кўзда тутилган.

Шунингдек Хўжаобод тумани “Ордай” МФЙ оғир ҳудуд деб топилганлиги учун “Ҳудудий электр тармоқлари” бошқаруви раиси ўринбосари Д.Носиров бошчилигида “Андижон ҲЭТК” АЖ вакиллари билан биргаликда ушбу маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли хонадонларида электр таъминотидаги камчиликлар бартараф этилмоқда.

Айни вақтда “Ордай” МФЙ Пасёлка кўчасида ТП№ 360/50 кВА трансформатор пункти тўла таъмирланди, ТП№360/50 кВА.дан чиқувчи 1,2 км 0.4 кВ тармоқ дарахт шохларидан тозаланди, симлар таранглаштирилди, таянчларнинг эстетик ҳолати яхшиланди. Аҳоли хонадонларида электр таъминотини яхшилаш мақсадида 16 дона темир-бетон таянчлар олиб келиниб, ҳозирда ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, давлат раҳбарининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги қарорига кўра, сўнгги тўрт йил давомида Андижон ҳудуди бўйлаб 2 256 км электр тармоқлари тортилиб, 985та трансформатор пункти ўрнатилди.

2021 йилги давлат дастури асосида жорий йилда 1 146 км паст кучланишли электр тармоқлари ва 306 дона трансформатор пунктини реконструкция ва модернизация қилиш режалаштирилган бўлиб, шундан электр таъминоти оғир бўлган 76та маҳалла ҳудудида истеъмолчиларга қулайликлар яратиш мақсадида 24,7 км масофада электр узатиш тармоқлари, 15 дона трансформатор пункти янгидан қурилиши биринчи галдаги вазифа сифатида белгилаб олинди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид