11:58 / 30.03.2021
4935

Пресс-тур: Андижон вилоятида темир-бетон таянчлар ўрнатиш ва электр етказиб беришда муаммолар бўлмайди

«Андижон ҲЭТК» АЖда «Иқтисодий самарадорлик ва истиқболдаги режалар» мавзусига бағишланган пресс-тур бўлиб ўтди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Хўжаобод туманидаги темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш цехида бўлдилар. Цех бир вақтнинг ўзида 24 дона темир-бетон таянч ишлаб чиқариш қувватига эга. Бир кунлик иш ҳажми 48 дона, йиллик иш ҳажми 13 200 дона темир-бетон таянч ишлаб чиқарилади. 2021 йил давлат дастурларини амалга ошириш учун жами 22 936 дона таянч талаби мавжуд бўлиб, темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш цехи томонидан жорий йил давомида 22 936 дона таянч ишлаб чиқариш режаси белгиланган.

Шунингдек, пресс-тур қатнашчилари тумандаги «Обод қишлоқ» дастури доирасида «Ордай» МФЙ ҳудудида олиб борилаётган иш жараёнлари билан яқиндан танишишди.

Пресс-тур қатнашчилари Андижон туман Жевачи қишлоғида жойлашган «Камолот» нимстанциясининг иш жараёнини кузатиб ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Шундан сўнг жамиятнинг Андижон шаҳар Бобур ЭТК бўлими ҳудудидаги «Траверс маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи» ҳамда Андижон шаҳар ЭТК Бобур бўлимида жорий қилинган электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини ЭEҲОНҚА (АСКУЭ) назорат қилиш учун ташкил этилган мини Data center хонаси билан танишиб чиқдилар.

Тадбир сўнгида жамият мажлислар залида «Андижон ҲЭТК» АЖ раҳбарияти томонидан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда тизимдаги мақсад ва вазифалар, фаолият йўналишлари бўйича ОАВ ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб бердилар ва келгуси режалар хусусида маълумот бериб ўтдилар.

Top