Ўзбекистон | 15:37 / 19.02.2021
4176
4 дақиқада ўқилади

Улуғбек Лапасов: «Транспорт ва транзит соҳасида алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишидир»

Ўзбекистон Халқаро йўлларда ташиш тўғрисидаги божхона конвенцияси Ижроия кенгашига илк бор сайланди.

Женевада Халқаро йўлларда ташиш китобчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенцияси Ижроия кенгашига сайлов ўтказилди.

Овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон, Россия, Эрон, Туркия, Озарбойжон, Италия, ЕИ, Австрия ва Нидерландия 2021-2022 йилларга ХЙТ Ижроия кенгаши аъзолигига сайланди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ўз тарихида илк бор БМТнинг божхона ва транспорт бошқаруви соҳасидаги ушбу нуфузли органи таркибига сайланди.

«Дунё» АА хабарига кўра, мазкур кенгаш таркибига Ўзбекистон номидан Давлат божхона қўмитаси божхона назорати бош бошқармаси бошлиғи Рустам Қобулов киритилган.

Ўзбекистоннинг БМТ даги доимий вакили Улуғбек Лапасов ушбу воқеанинг республика учун аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

«Денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмаган ҳар қандай давлат иқтисодиётини равнақ топтиришнинг ҳаракатлантирувчи кучи транспорт ва транзит салоҳиятини ривожлантириш ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистонда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиблари сезиларли даражада соддалаштирилди. Бу эса тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда республика ва умуман минтақада халқаро бизнес операцияларини фаоллаштириш учун қўшимча туртки бўлиб хизмат қилмоқда.

2018 -2022 йилларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташишнинг ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш комплекс дастурига кўра, барча хорижий шериклар билан транспорт ва транзит соҳасида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш республика ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир»,  дейди дипломат.

Шунингдек, 2020 йил ноябр ойида Марказий Осиёда илк бор «е-ТИР» пилот лойиҳаси – ТИР-карнет китобчалари асосида халқаро юк ташувларни электрон рўйхатдан ўтказиш тизими йўлга қўйилган. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона органлари ва Халқаро автомобил транспорти иттифоқи ҳамкорлигида амалга оширилган.

Маълумот учун, 1975 йил ноябрида БМТ Европа иқтисодий комиссияси шафелигида қабул қилинган ХЙТ конвенцияси халқаро транспорт соҳасидаги энг самарали ҳуқуқий ҳужжатларидан бири ва ҳозиргача ўзига хос ягона глобал божхона транзит тизими ҳисобланади. ХЙТ конвенциясининг асосий ғоя ва тамойиллари нафақат Европа ва Осиё, балки Африка ва Лотин Америкаси каби минтақаларда ҳам халқаро юк ташувларини осонлаштиришга қаратилган.

Ўзбекистон 1995 йилдан буён 77та давлат аъзо бўлган мазкур конвенция иштирокчиси ҳисобланади. ХЙТ Ижроия кенгаши таркиби 9 аъзодан иборат бўлиб, улар ташкилотга аъзо давлатларнинг кўпчилик овози билан сайланади. Кенгашга сайловда 11та давлат ўз номзодини қўйди ва 57та давлат уларга овоз берди.

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг Савдони соддалаштириш глобал дастурига аъзо бўлгани маълум қилинганди.

Шунингдек, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон давлат расмийлари ўртасида бўлиб ўтган йиғилишда «Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли қурилиши бўйича қўшма ҳаракатлар режаси («йўл харитаси») тасдиқланганди. Маскур транспорт йўлаги миллий иқтисодиёт ва минтақалараро савдонинг равнақи учун янги туртки бериши, шунингдек Афғонистон ва Покистоннинг Марказий Осиё, МДҲ ва Шарқий Европа бозорларига чиқиш имкониятларини тўлиқ очиб бериши таъкидланган.

Мавзуга оид