Ўзбекистон | 10:54 / 20.02.2021
6654
2 дақиқада ўқилади

Болалар миллий тиббиёт марказида онкология ва гематология бўлими ташкил этилди

Ўзбекистонда ҳозиргача бир-биридан алоҳида бўлган болалар онкологияси ва гематологияси эндиликда ягона соҳага бирлашмоқда.

Болалар миллий тиббиёт марказида онкология ва гематология бўлими ташкил этилди. Унда гематологик ва онкологик касалликлар билан оғриган болаларга ташхислаш ва даволаш хизматлари бепул кўрсатилади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Бўлим раҳбари Камол Искандаровнинг маълумот беришича, бўлим 20та ўринга эга бўлиб, ҳозирда бу ерда 12 нафар бемор даволанмоқда. Яқин кунларда койкалар сонини 60тага етказиш режалаштирилган.

“Бўлимдаги барча жараёнлар Жанубий Корея модели асосида ташкил этилган”, деди Искандаров.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова болалар онкологияси ва гематологияси тиббиётнинг мураккаб ҳамда муҳим соҳалари эканини қайд этиб ўтди.

“Дунёда ҳар йили 300 минг нафар болада онкологик ва гематологик хасталик ташхиси аниқланади. Уларнинг учдан бир қисми, яъни 100 мингтаси ҳаётдан кўз юмади. Бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу касалликлар болалар вафотига сабаб бўлиш бўйича иккинчи ўринда (биринчи ўринда - жароҳатлар) туради”, деди вазир ўринбосари.

Ҳозиргача болалар онкология ва гематологияси бир-биридан алоҳида бўлган. Болалар гематологик касалликлари Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий марказида, онкологик касалликлар эса онкология диспансерларида даволаб келинган. Эндиликда улар бир соҳа сифатида миллий тиббиёт марказида, ҳудудларда эса кўп тармоқли болалар шифохоналаридаги бўлимларда даволанади. Жами 545 нафар беморга хизмат кўрсатувчи ўрин ташкил қилиш режалаштирилган.

Қайд этилишича, янги тизим билан касалликни эрта аниқлаш, оғир беморлар умр кўриши давомийлигини 80 фоизга етказиш мумкин бўлади.

Мавзуга оид