Болалар миллий тиббиёт марказига янги раҳбар тайинланди
Cоғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Алишер Мирҳамидович Шарипов Болалар миллий тиббиёт маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Алишер Шарипов тиббиёт институтини Ўзбекистонда тамомлаб, аспирантурани И.М.Сеченов номли 1-Москва тиббиёт институтида ўқиган. Бир неча йил давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигида Фанлар бошқармаси бош мутахассиси, сўнг вазирликнинг бош педиатри бўлиб ишлаган. Кейинчалик Вазирлар Маҳкамасининг Мурувват ёрдами бўйича комиссиясининг мувофиқлаштирувчи гуруҳи раҳбари бўлган.
Ўз иш фаолияти билан параллел равишда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги билан алоқалар бўйича гуруҳ координатори сифатида ҳам ишлаган.
Тиббиёт фанлари доктори Алишер Шарипов тайинловгача кўп йиллар давомида Тошкент педиатрия тиббиёт институти шошилинч педиатрия кафедраси мудири лавозимида фаолият юритиб келаётганди.
- Маълумот учун: Болалар миллий тиббиёт маркази Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик намунаси сифатида, тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида қурилган бўлиб, ўтган йили фойдаланишга топширилган. Қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган мазкур тиббиёт маркази Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида барпо этилган. Бу ерда кардиохирургия, нейрохирургия, ортопедия ва пластик хирургия, умумий хирургия, онкология, офтальмология, ЛОР, педиатрия, гемодиализ ва реанимация бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган. Марказда фаолият юритиш учун 100 нафардан ортиқ шифокор ва ҳамширалар, медтехник ва ахборот технологиялари бўйича мутахассислар Корея Республикасининг етакчи клиникаларида малака ошириб қайтишган.