Ўзбекистон | 10:15 / 21.02.2021
28997
4 дақиқада ўқилади

Айириш (ъ) белгиси: ўзбек тилидаги ўрни ва ўзбек-лотин алифбосида ифодаланиши

Филолог Равшан Жомонов ўзбек-лотин алифбосидаги мунозарали ҳолатларни шарҳлашда давом этади. Навбатдаги видеодарсда айириш (ъ) белгисининг аҳамияти, вазифалари, шунингдек, у қатнашган сўзларнинг ўзбек-лотин алифбосида ифодаланиши ҳақида сўз боради.

Навбатдаги машғулотимиз кирилл ёзувидаги айириш (ъ) белгили сўзларнинг имлоси, ўзбек-лотин алифбосида ифодаланиши мавзусига бағишланади.

Маълумки, 1940 йилдан бошлаб жорий қилинган кирилл алифбосида айириш белгиси билан ёзиладиган сўзлар юзага келди. Аслида рус тилида бўлган бу белгидан ўз қонуниятлари асосида фойдаланиб келишган. Бу белгига рус тили орфографиясида салмоқли вазифаларни бажариш юкланган.

Хўш, ўзбек тилида бу ҳолат қандай юзага келди ва ушбу белги ишлатиладиган бўлди? Ушбу белги ўзбек-кирилл ёзувида иккита вазифани бажаришга қаратилган.

  • Аъло – a’lo, маъно – ma’no, даъват – da’vat

Ушбу сўзларда унли товушнинг чўзиқроқ талаффуз этилишини таъминлайди.

  • Санъат — san’at, журъат — jur’at, масъул — mas’ul

Юқоридаги каби сўзларда ўзидан олдинги товуш кейингисидан ажратиб талаффуз этилишини таъминлайди.

Юқоридаги икки ўринда айириш белгиси ўзбек-лотин алифбосида тутуқ белгиси билан берилади.

Маълумот ўрнида, юртдошларимиз орасида масъул – mas’ul сўзининг икки алифбодаги ёзуви борасида ҳам хатолар кузатилади. Яъни айириш ёки тутуқ белгисини «с»дан олдин қўйишади, бу хато.

Лекин баъзи кишиларда бу айириш (ъ) ва тутуқ (’) белгиси ўзи ортиқча, у фонологик вазифа бажармайди, деган иддао бор. Бу фикрларга шундай жавоб бериш мумкин: агар тутуқ белгиси ўзбек тилида маъно ажратиш хусусиятига эга бўлмаганда эди, ўз-ўзидан алифбодан чиқиб кетган бўларди.

  • Таъна — тана; ta’na — tana
  • Суръат — сурат; sur’at — surat
  • Шеър — шер; she’r — sher

Юқоридаги каби сўзлардан кўринадики, уларнинг даъвоси ўринсиз. Чунки ушбу сўзларнинг маъноси тамоман бошқа-бошқа.

Айириш (ъ) белгили сўзларнинг яна бир ўзига хос томони – рус тили орқали Европа тилларидан ўзлаштирилган бир қатор сўзларда ишлатилади. Ва маълум бир маъно ажратишга хизмат қилади.

  • Подъезд – podyezd; съезд – syezd; разъезд – razyezd; объект – obyekt; субъект – subyekt

Юқоридаги каби сўзлар кирилл ёзувида айириш белгиси билан ёзиб келинади, чунки рус тилида қандай шаклга эга бўлса, шундай ёзиш мақбул дея қабул қилинган.

Ўзбек-лотин алифбосида бу ўриндаги айириш (ъ) белгиси ўрнига ўзбеклар талаффузига мос равишда бир «й» (y) ҳарфи қўшиб ёзилади. Чунки бу ерда талаффузда тутилиш эмас, балки товуш қўшиш ҳолати мавжуд. Бу каби сўзларда тутуқ белгисини қўйиш ёки «й» (y) ҳарфини ёзмаслик хато.

Йигитали Маҳмудов ёзиб олди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид