Фан-техника | 18:53 / 22.02.2021
5141
2 дақиқада ўқилади

Apple тўрт йил ичида илк марта смартфон сотиш бўйича етакчи бўлди

Apple 2020 йилнинг сўнгги чорагида қарийб 80 млн дона смартфон сотган. Компаниянинг бозордаги улуши 20,8 фоизни ташкил этган. 

Фото: Mark Makela / Reuters

Apple 2016 йилдан буён илк бор йилнинг тўртинчи чорагида смартфон сотиш бўйича рейтингда биринчи ўринга кўтарилди. Бу ҳақда Gartner тадқиқот компанияси хабар берди.

Қайд этилишича, Apple 2020 йилнинг сўнгги чорагида қарийб 80 млн дона смартфон сотган. Компаниянинг бозордаги улуши 20,8 фоизни ташкил этган. 

Samsung етакчиликни бой берди ва иккинчи ўринга тушди. Компания тўртинчи чоракда 2019 йил охиридагига нисбатан 12 фоизга кам смартфон сотган. Samsung 62 млн дона қурилма сотди – унинг бозордаги улуши 16,2 фоизга тенг бўлди.

Учинчи ва тўртинчи ўринлар Xiaomi ва Oppo компанияларига насиб этди. 

Huawei бешинчи ўринга тушиб қолди. Унинг смартфон сотиш ҳажми 2019 йилдагига нисбатан 41 фоизга камайган. Компания АҚШ санкциялари остига тушган, натижада Google сервисларидан маҳрум бўлди. Huawei ўз иловалар дўконини ривожлантирмоқда, аммо бозордаги улушини йўқотмоқда. Компания 2013 йилдан буён биринчи марта юқори тўртталикни тарк этди. 

Мавзуга оид