Ўзбекистон | 15:42 / 23.02.2021
14533
3 дақиқада ўқилади

Бош вазир ўринбосари: Эмланишдан бош тортганларга ҳеч қандай чора кўрилмайди

Ўзбекистонда Covid-19’га қарши эмланишдан бош тортганларга ҳеч қандай чора кўрилмайди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев 22 феврал куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан ўтказилган парламент эшитувида маълум қилди. 

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев биринчи босқичда эмланадиган аҳоли тоифасига кирувчилар ҳақида гапирар экан, вакцинани олиш ихтиёрий эканлигини таъкидлади.

«Агар ихтиёрий эмланишдан бош тортадиган бўлишса, уларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмайди. Бу ихтиёрий бўлиб, агар воз кечилса, бунинг афзал жиҳатлари тушунтирилади, холос. Лекин эмланиш ниятида бўлмаган одамга иш ва меҳнат фаолиятида ҳеч қандай таъсир чоралари кўрилмайди», деган у.

Мусаев Ўзбекистон ҳукумати 8та йирик ишлаб чиқарувчига 3 млн дозадан вакцина харид қилиш бўйича мурожаат қилганини айтиб ўтган.

«Ҳозирда вакцинани аҳолининг анча кенг қатламини қамраб олган ҳолда харид қилиш ниятимиз бўлса, биринчидан, бунча миқдорда аниқ ишлаб чиқарувчи йўқ. Ёки ишлаб чиқарувчи бўлганда ҳам етказиб берувчи йўқ. Мана, ҳозир дунёда вакцина ишлаб чиқараётган асосий 8 та корхоналари бўлса, ҳукумат томонидан уларнинг ҳар бирига йўлланма берилган. Уч миллион доза вакцина олиш ниятимиз бор. Шуни бизга етказиш муддати ва нархини бера оласизларми?, деган хатимизга бирортаси жавоб бера олгани йўқ. 50 фоизи олмайман, деган фикрни ҳам айтиши мумкин.

Шунинг учун, вакциналар ҳар бир вакцинация пунктларига етказилганидан кейин ОАВ орқали қаерда, қандай миқдорда борлиги маълум қилинади. Шундан сўнг, қолган вакцина ишлаб чиқарувчилар билан келишув амалга оширилиб, қолган қатламлар учун вакцина етказиб бериш устида ишлаймиз», деган бош вазир ўринбосари.

Маълумот учун, бугунги кунда айрим мамлакатларда ҳукумат эмланишдан бош тортганларга чора кўради.

Хусусан, Ватиканда қабул қилинган декретга кўра, тиббий кўрсатмасиз коронавирусга қарши эмланишдан бош тортганлар билан меҳнат шартномаси бекор қилинади.

Бали ороли аҳолисига эса эмланишдан бош тортиш қамалишга олиб келиши мумкин.

Шунингдек, Россия Федерациясининг айрим ҳудудларида коронавирусга қарши вакцинани қабул қилишни истамаётганларга ишдан бўшаш хавф солади.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга оширилиши ҳақида аввалроқ ССВ ҳам маълум қилганди.

  • Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланади. Бунда биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган шахслар эмланади ва у фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга оширилади. Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.
  • Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёши катта ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари вакиллари коронавирусга қарши бепул эмланади - бу тоифадагилар сони 4 миллионга яқинни ташкил этади. Дастлабки босқичда 50 мингга яқин киши эмланиши маълум қилинган. 
  • Ўзбекистон хитойликлар вакцинасини ва россияликларнинг «Спутник V» вакцинасини қўллашга рухсат берган - ушбу вакциналардан 1 миллион дозадан харид қилиниши режалаштирилган.

Мавзуга оид