Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида бир қатор жиноятлар декриминализация қилинмоқда, айрим ҳаракатлар учун эса янги жиноий жавобгарликлар жорий қилинмоқда.

Лойиҳада қуйидаги жиноятларни декриминализация қилиш (жиноятлар сафидан чиқариб ташлаш) назарда тутилмоқда:

  • сохта тадбиркорлик (179-модда);
  • рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (183-модда);
  • савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш (189-модда);
  • қонунга хилоф равишда ахборот тўплаш, уни ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш (191-модда);
  • рақобатчини обрўсизлантириш (192-модда);
  • диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (216-2-модда);
  • жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик (221-модда);
  • ҳарбий ёки муқобил хизматдан бўйин товлаш (225-модда);
  • диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш (229-2-модда);
  • диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш (244-3-модда).

Кодекс лойиҳасида бир қатор ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик жорий этиш белгиланмоқда.

Инсонда ноқонуний тажриба ўтказиш
Инсонни унинг (қонуний вакилининг) ёзма розилигисиз объект сифатида жалб этиб ёки бошқача тартибда ноқонуний равишда унда дори воситаларининг тиббий синовини ёки биологик-тиббий, психологик ёки бошқача усулда соғлиққа оғир зиён етказилишига сабаб бўладиган тажриба ёхуд тадқиқот ўтказганлик жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Ғайриқонуний равишда психиатрия муассасасига жойлаштириш;
Ўзбошимчалик билан жазолаш;
Ушбу жиноят муайян қилмишни содир этган ёки содир этишда гумон қилинган шахсни ўзбошимчалик билан жазолаш мақсадида унга зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар воситасида руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказишда намоён бўлади.