Жорий йил 29 май куни Сайхунобод туманида футбол ўйини ўтказилаётган пайтда стадионга Captiva машинаси чиқиб келди ва номаълум сабабларга кўра ҳайдовчи уни қасддан одамлар устига бостириб борди. Машина камида бир фуқарони уриб юбориб, ҳаракатни давом эттирди. Автомобил стадион бўйлаб тартибсиз ҳаракатланаркан, йўлида учраган кимсани босиб ўтишга уринди. Расмий ахборотга кўра ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси, яъни безорилик бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи процессуал тартибда ушланган.
Кўпчилик тармоқ фаоллари ҳайдовчига ушбу модда билан жиноят иши қўзғатилганидан норози бўлиб, фикрлар қолдирмоқда.
Жиноят кодексининг 277-моддаси ҳақида
Безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилишда ифодаланган жиноятдир (277-модда биринчи қисми).
Баданга ўртача оғир шикаст етказиб, совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб, ўз мазмунига кўра умум эътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан безорилик содир этилган бўлса ҳам Жиноят кодексининг 277-моддаси (иккинчи қисми) таъсирига тушади.
Шунингдек, оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтдаги безорилик кодексининг 277-моддаси (учинчи қисми) таъсирига тушади.
Ушбу моддадаги энг оғир жазо 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишдир.
Тергов амалиётига кўра, жиноят иши қўзғатиш вақтида қилмиш тўла қамраб олинган ҳолда кваллификация қилиниши шарт, деган қоида йўқ. Жиноят таркиби кўринган энг бирламчи аломат(лар) бўйича жиноят иши қўзғатилади ва қилмишдаги бошқа айб(лар) уч ойлик дастлабки тергов даврида ўрганилади ҳамда малакаланади.
Бу қасддан одам ўлдиришга уриниш(ми?)
Фаоллар Captiva ҳайдовчисининг ҳаракатларини қасддан одам ўлдиришга суиқасд сифатида баҳоламоқдалар. Бу фикрларни ҳам инкор этиб бўлмайди.
Гарчи ҳодисада (яхшики) одам ўлмаган бўлса-да, ҳайдовчи машинани қасддан одамлар устига бостириб борар экан, бу ҳаракати билан ким(лар)нидир босиб кетиши, натижада одам(лар) ўлиши мумкинлигини англамасдан иложи йўқ. Бу эса табиийки, қасддан одам ўлдиришга уринишни англатади.
















