Ўзбекистон | 23:42 / 24.02.2021
56431
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темир йўллари» Шоввозсойдаги дам олиш маскани ҳақида маълумот берди

Маълум қилинишича, 495 млрд сўмга қурилган дам олиш маскани нафақат темирйўлчилар ва уларнинг оилалари учун мўлжалланган, балки Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ходимлари, республика аҳолиси ва чет эллик инвесторлар, ҳамкорлар, сайёҳларга ҳам хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу ерда кичик сув омбори ҳам барпо этилган.

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, Угом-Чотқол миллий табиат боғи ҳудудидаги дам олиш маскани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди. Компания бу ҳақдаги маълумотларни «асоссиз ва нохолис» деб атаган.

Баёнотда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилдаги қарорига асосан, Угом-Чотқол миллий табиат боғи тасарруфидаги «Шоввозсой» ўрмон хўжалиги ерлари «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзолари, компаниянинг хорижий ҳамкорлари, мамлакат аҳолиси ва чет эллик сайёҳлар учун замонавий экотуризм масканини барпо этиш ва мавжуд экотизимни сақлаб қолиш мақсадида ажратилган.

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

«Бу ерда 2011 йилдан бошлаб, яъни 10 йил давомида босқичма-босқич қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилган. Барча инвестициялар темир йўл компаниясининг бюджетдан ташқари маблағлари, жумладан даромадлари ҳисобидан амалга оширилган», – дейилади билдиришда.

Қайд этилишича, ўтган ўн йил давомида дам олиш маскани қурилишига сарфланган инвестициялар ҳажми 495 миллиард сўмни ташкил этган.

«Шу билан бир қаторда, миллий боғ ҳудудида табиат ва ҳайвонот оламини сақлаш ва ривожлантириш учун зарур инфратузилмалар яратилди, объектгача электр тармоқлари тортилди, автомобиль йўли ва кичик сув омбори барпо этилди.

Фото: Ўзбекистон темир йўллари
Фото: Ўзбекистон темир йўллари
Фото: Ўзбекистон темир йўллари
Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Айни пайтда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тасарруфидаги «Назарбек», «Чимён», «Хожикент», «Омонхона» каби дам олиш масканлари, шунингдек «Шоввозсой» мажмуаси ҳам компанияда фаолият юритаётган қарийб 90 минг темирйўлчилар ва аҳолимизга сифатли хизматларни кўрсатиб келмоқда.

Ушбу дам олиш ва соғломлаштириш масканларида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан шартнома ва йўлланмалар асосида, темирйўлчилар билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, турли вазирлик, идора ва давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, республикамиз аҳолиси ва чет эллик инвесторлар, ҳамкорлар ва сайёҳларга экотуризм ва экстремал туризм, саломатликни мустаҳкамлаш ва қайта тиклаш хизматлари кўрсатиб келинмоқда», – дейилади «Ўзбекистон темир йўллари» тарқатган расмий ахборотда.

Компания Telegram'даги каналида дам олиш масканида дам олаётганлар акс этган видео ҳам эълон қилди.

«Шоввозсой» масканидаги дам олиш учун ажойиб жой. Дам олиш зонаси Угом-чотқол давлат биосфера қўриқхонасининг қўриқланадиган ҳудудида жойлашган. Бу ерда оила, ҳамкасблар ва дўстлар билан табиат қўйнида унутилмас ҳордиқ чиқариш учун барча зарур шароитлар яратилган!» – дейилади видеога ёзилган шарҳда.

Мавзуга оид