Ўзбекистон | 13:08 / 24.02.2021
19023
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти Ўзбекистонга ташриф буюради 

Қирғизистон президенти Садир Жапаров расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги сайтида хабар қилинган.

2021 йил 22 феврал куни видеоконференцалоқа шаклида Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Нуран Ниёзалиев ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев икки мамлакат ўртасидаги қонунчилик базасининг инвентаризацияси бўйича музокаралар ўтказди.

Музокаралар давомида томонлар Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга расмий ташрифига тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Қирғизистонга бўлажак амалий ташрифи мавзусига алоҳида эътибор қаратдилар. 

Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи қачон амалга оширилиши ҳақида аниқ маълумот берилмаган. 24 феврал куни Қирғизистон президенти Россияга биринчи хорижий ташриф билан йўл олди.

Бундан ташқари, вазир ўринбосарлари икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашди, минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид