Жаҳон | 17:20 / 24.02.2021
4116
2 дақиқада ўқилади

Шаҳзода Филиппда инфекция аниқланди, у шифохонада қолди

Қиролича Елизавета II’нинг турмуш ўртоғи, Эдинбург герцоги Филиппда инфекция аниқланган ва шу сабабли у яна бир неча кун мобайнида шифохонада қолади. Бу ҳақда Букингем саройи матбуот хизмати маълум қилган. Британия қироллик хонадони шаҳзода Филипп айнан қандай инфекциядан зарарланганига аниқлик киритмаган, аммо унинг ҳолати яхшиланиб бораётганини қайд этган.

«Эдинбург герцоги қирол Эдуард VII номидаги клиникада қолмоқда, у бу ерда инфекциядан даволанмоқда. У ўзини яхши ҳис қилмоқда ва даволаниш жараёни яхши кетмоқда, аммо унга яна бир неча кундан кейингина жавоб берилиши мумкин», дея хабар берган сарой матбуот хизмати.

Sky News телекомпанияси хабарига кўра, Филиппнинг ўғли Эдвард журналистларга берган интервьюсида «отасининг аҳволи анча яхшилангани» ҳақида айтган. «У жавоб беришларини сабрсизлик билан кутмоқда, бу жуда яхши, биз уни касалхонада тутиб туришимиз керак», деган Эдвард.

Аввалроқ қироллик хонадонининг ишончли вакили июн ойида 100 ёшга тўладиган шаҳзода Филипп Лондондаги қирол Эдуард VII номидаги шифохонага профилактик процедура учун ўзи мустақил ҳаракатланган ҳолда юриб борганини айтганди. Сўнгги кунларда ўзини яхши ҳис қилмагани учун даволовчи шифокор унга шуни тавсия қилганди.

Шанба куни Филиппни зиёрат қилиш учун шифохонага британ тахти меросхўри, шаҳзода Чарльз ташриф буюрди.

Январ ойида шаҳзода Филипп ва Елизавета II ёши кексалиги туфайли биринчилардан бўлиб коронавирусга қарши вакцина қабул қилишганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш