Жаҳон | 14:54 / 25.02.2021
4316
2 дақиқада ўқилади

Капитолий биносини таъмирлашга 30 миллион доллардан ортиқ пул кетиши маълум қилинди

Бинога асосий зарар қалампирли спрей ва бошқа турли кимёвий аралашмалар сепилиши ҳамда ўт ўчиргичларнинг таъсири оқибатида етган.

Фото: Reuters

6 январдаги ҳужумдан сўнг таъмирталаб аҳволга келиб қолган АҚШ конгресси биносини таъмирлашга 30 млн доллардан ортиқ маблағ талаб қилинади. Бу ҳақда Капитолий архитектори Бретт Блэнтон маълум қилди

Архитекторнинг баҳолашича, бинога асосий зарар қалампирли спрей ва бошқа турли кимёвий аралашмалар сепилиши ҳамда ўт ўчиргичларнинг таъсири оқибатида етган.

 "Қимматбаҳо санъат асарлари ва ҳайкалларга етган зарардан сўнг, улар профессионал равишда тозаланиши талаб қилинади", - деди Блэнтон.  

Мутахассиснинг хулосасига кўра, смета харажатлари 30 млн доллардан ортиқроққа тушади. 

Доналд Трамп тарафдорларининг 6 январ куни Капитолий биносига ҳужум қилиши оқибатида беш киши ҳалок бўлганди. Жо Байденнинг АҚШ президенти этиб сайланганлигини тасдиқлаш учун йиғилган конгрессменлар оломон мажлислар залига бостириб киришидан бир неча дақиқа аввал олиб чиқиб кетилганди.

Капитолийга ҳужум қилиниши бўйича Федерал қидирув бюроси 160та иш очган, камида 150 нафар кишига нисбатан айблов илгари сурилган.

Мавзуга оид