Ўзбекистон | 11:09 / 25.02.2021
4659
4 дақиқада ўқилади

TIMSS тадқиқоти учун мактаблар тасодифий танлаб олинади — Таълим инспекцияси

Халқаро тадқиқотларда иштирок этувчи мактаблар 14та ҳудуд кесимида тасодифий танлаб олинади. Унда мактаблар ўзининг таълим беришдаги тажриба ва салоҳиятини эмас, балки мамлакат вакили сифатида таълим соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсати самараси, таълим сифати ва жараёнлар таъсирини кўрсатиб турувчи объект сифатида иштирок этади.

Жорий йил 22 феврал куни Таълим инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ва Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA), РТИ вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, дея маълум қилмоқда инспекция ахборот хизмати.

Онлайн мулоқотда халқаро ташкилот вакиллари томонидан TIMSS тадқиқотларининг ўтказилиш муддатлари, жараёнларни ташкил этиш учун мактабларда яратилиши лозим бўлган шароитлар, ўқувчиларни танлашда синф ва ёш кўрсаткичларида эътибор қаратиладиган жиҳатлар бўйича тавсиялар бериб ўтилди.

«Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Ўзбекистоннинг PIRLS, TIMSS, PISA, TALIS халқаро баҳолаш дастурлари бўйича халқаро тадқиқотларда иштирок этиши белгиланган. 2020 йил июл ойида Ўзбекистоннинг 2023 йилда ўтказиладиган тадқиқотларда иштирок этиши бўйича дастлабки келишувга эришилган», дейилади инспекция маълумотида.

Маълумот учун, Халқаро математика ва табиий фанларни ўрганиш тенденциялари (TIMSS) тадқиқоти ҳар тўрт йилда бир марта 4- ва 8-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилади.

1995 йилдан бери ўтказиб келинаётган тадқиқотларда ўқувчиларнинг умумий ютуқлари, ўқув режа ва дастурларнинг амалга оширилиши, ўқув амалиётлари, мактаб ресурслари, шунингдек, уй ва мактаб шароитлари тўғрисида маълумотлар беради ҳамда унда ўқитиш жараёнини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича қимматли маълумотлар тўпланади.

Инспекция хабарида таъкидланишича, TIMSS тадқиқотлари ўқувчиларнинг математика ва табиий фанлар бўйича саводхонлигини баҳолашга, мамлакатнинг замон талабларига мослашишига ҳамда АКТ тизими ривожланишининг жадаллашувига туртки бўлади.

Халқаро тадқиқотларда иштирок этувчи мактаблар 14та ҳудуд кесимида репрезентативлик тамойили асосида танлаб олинади. Ушбу тамойил асосида тасодифий танлаб олинган мактаблар ўзининг таълим беришдаги тажриба ва салоҳиятини эмас, балки мамлакатнинг вакили сифатида таълим соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсати самараси, таълим сифати ва жараёнлар таъсирини кўрсатиб турувчи объект сифатида иштирок этадилар.

TIMSS тадқиқотида мактабларни бу шаклда танлаб олиш орқали таълим тизими самарадорлигини ҳудудлар миқёсида солиштириш мумкин бўлади.

Тадқиқот натижаларига кўра бир қанча имкониятларга эга бўлиш мумкин:

  • 4- ва 8-синф ўқувчилари томонидан математика ва табиий фанлардан ўрганилган билимлар, тушунчалар, жараёнлар ва муносабатлар тўғрисида халқаро миқёсда таққосланадиган маълумотларга эга бўлиш;
  • математика ва табиий фанлардан ўрганилган билимларни 4- ва 8-синф ўқувчилари ўртасида ўзлаштириш даражасини халқаро миқёсда таққослаш;
  • 4-синфдан 8-синфгача ўқувчиларнинг математика ва табиий фанлардан ўрганилган билим ва кўникмалари ўсишига таъсир этувчи омилларни аниқлаш;
  • 4-синф ўқувчилари 8-синфда қайта баҳоланганда математика ва табиий фанларни ўқитиш ва ўрганишнинг ўзаро боғлиқлигини мониторинг қилиш;
  • ўқувчиларнинг ўзлаштиришдаги устунлик ва заиф жиҳатларини билиб олиш;
  • ўқувчиларнинг таълим соҳасидаги ютуқларини оширишга хизмат қилувчи ўқув режа, дастур, қўлланмалар ва бошқа таълим ресурслари билан боғлиқ таълим сиёсати асосий омиллари таъсирини халқаро даражада баҳолаш;
  • TIMSS тавсиялари асосида ички таълим сиёсати муаммоларини ҳал қилишга қаратилган стратегик қарорлар қабул қилиш имкониятига эга бўлинади.
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид