07:48 / 26.02.2021
3962

Сирдарёда қарздорлик эвазига 283та мол-мулк электрон аукционда 38,8 млрд сўмга сотилди

Сирдарё вилоятида давлат ижрочилари томонидан 180та 10,2 млрд сўмлик автотранспорт воситалари, 63та 27 млрд сўмлик кўчмас мулк, 40та 1,6 млрд сўмлик махсус техника ва бошқа турдаги жами 283та 38,8 млрд сўмлик мол-мулклар электрон онлайн аукцион савдолари орқали сотилди.

Бюро органлари иш юритувида қолдиқда бўлган ижро ҳужжатлари сони ҳамда қарздорликларни қисқартириш, ундирув самарадорлигини ошириш мақсадида олиб борилаётган ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочилари томонидан хатланган 7та 819,5 млн сўмлик автотранспорт воситаси, 64та 55 млрд сўмлик кўчмас мулк ва 25та 2,5 млрд сўмлик махсус техника ҳамда бошқа турдаги мол-мулклар электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, ҳозирда аукцион савдолари давом этмоқда.

Келгусида аукцион савдоларига чиқарилган мол-мулкларнинг сотувидан тушадиган пул маблағлари қонунда белгиланган тартибда қарздорликларни қоплашга йўналтирилади.

Президентнинг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2017 йил 1 сентябрдан бошлаб, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича аукцион савдолари фақатгина «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн аукционлар шаклида ўтказилиши йўлга қўйилган.

Top