Ўзбекистон | 12:00 / 26.02.2021
11335
3 дақиқада ўқилади

Таълимдан пулни аяйдиган бўлсак, бу келажагимизга болта уриш — Шерзодхон Қудратхўжа

Бугун, 26 феврал куни Тошкент шаҳридаги «Инҳа» университетида «Чет эл тажрибасини Ўзбекистондаги таълим жараёнига жорий этишнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтмоқда.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Форумда Ўзбекистон таълим тизимида хориж тажрибасини жорий қилиш, кредит-модул тизими афзалликлари, уни жорий этишдаги муаммоларни бартараф қилиш ҳақида фикрлар, таклиф ва мулоҳазалар билдирилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ўз фикрлари билан бўлишди.

«Янги университетларга осонроқ. Буни тасдиқлайман, янги университетда ишлаш осонроқ. Чунки 100 йиллик тарихга эга университетларда ўзига яраша муҳит бўлади, у жойда ишлаётган одамларни синдириб ташлолмайсиз, авлодлар конфликти бўлади — шу каби муаммолар.

Янги университетларда ҳам қоғозбозлик, югур-югур каби қийнайдиган муаммолар бор, лекин бизни қутқарадиган нарса бу кредит-модул тизими. Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ушбу тизимга ўтди.

Бизда ҳозир контракт учун 8 млн сўмни кўп деб ҳисоблашади, лекин бола яхши таълим олиши учун 8-10 млн сўм яхши деб ҳисоблайман. Биламизки, хусусий таълим мактаблари бор, у ерда бир ойда 3.5-4 млн сўмгача тўланади. Ҳатто шундай боғчалар бор. Нега энди профессорлар дарс берадиган жойда 8 млн сўмни аяймиз. Агар биз таълимдан пулни аяйдиган бўлсак, бу келажагимизга болта уриш.

Бугун олий таълим учун нафақат университетлар, ректорлар, профессорлар, балки халқимизнинг ҳам дунёқараши ўзгариши керак. Халқимиз ўз пулини фақат уй қуришга, тўй ўтказишга эмас, балки боласи тарбиясига, таълимига ҳам ажратиши зарур. Кўпчилик таълим ва тарбияни мактаб ёки университет беради, деб ўйлайди. Бу ҳам нотўғри тасаввур.

Қотиб қолган стереотипларни енгиш учун баъзида ташқи дунёга чиқиб туриш керак. Қозоқ университетлари мисолида ўзим учун катта ўрнак олдим. Университетларда шундай хоналар қилинганки, бунга фақат давлат эмас, хусусий компаниялар, тадбиркорлар, хорижий давлатлар ёрдам берган, уларга лабораториялар ажратилган. Бизда ҳам ҳамма нарсага университетларнинг пули етмайди. Лекин жамоатчиликни, бизнес вакилларини жалб қилишимиз мумкин», деди Шерзодхон Қудратхўжа.

Мавзуга оид