Ўзбекистонда сиртқи таълим тугатилмоқда. Кun.uz бу тўғри қарор бўлдими ёки йўқ – соҳа мутахассислари билан таҳлил қилди. Таълим масаласида эксперт Азамат Акбаров ва ҳуқуқшунос, хусусий ОТМ эгаси Бектош Хотамов фикрлари қарама-қаршилигида ўтган суҳбатда сиртқи таълим ўзи нимага очилгани, унинг ёпилиши таъсир доирага эгами ёки йўқ, унинг муқобили қандай бўлиши каби масалалар муҳокама қилинди.
Янги ўқув йилидан бошлаб ОТМнинг сиртқи таълимига қабул тўхтатилади. Бу президентнинг тегишли фармонида назарда тутилди. Айни ҳужжат билан университетлар устидан назорат ҳам кучайтирилмоқда. 2017 йилдан бери мавжуд тизимдан нега воз кечиляпти? Бу қанчалик тўғри ёки хато қарор бўлди?
Kun.uz айни мавзу атрофидаги саволлар билан мутахассисларга юзланди. Интервюда таълим масалаларида мутахассис Азамат Акбаров ҳамда ҳуқуқшунос Бектош Хотамов иштирок этди.
Азамат Акбаровнинг таъкидлашича, олий таълимда сиртқиларнинг тугатилиши тўғри қарор бўлган. У бундай тизим бир неча йиллар давомида университетлар томонидан суиистеъмол қилингани, ҳаддан зиёд талабаларни қабул қилиб, сифат масаласи кейинги ўринларга тушиб қолганини айтмоқда.
“Уларга бериладиган таълим, яъни ўша таълим шакли қай тарзда берилди ва талабалар қанча билимга эга бўлди? Мен ўйлайманки аслида сиртқи таълим бошқа шаклларда очилиши керак эди.
Ҳозир жуда кўп ижтимоий тармоқларда айтиладиган ўша “part time” ёки масофавий таълим шаклида. Дунёда юз йиллар давомида бор бўлган масофавий таълим 120 йиллик тарихга эга. Бизда нима учундир бунга ўтилмади ва ўша совет мафкурасидан, ўша совет даврида бор бўлган сиртқи таълим борлигича давом эттирилди.
Баъзи университетлар ўзидан қўшимча сармоя инвестиция киритиб, сиртқи таълимни имкон қадар бойитишга ҳаракат қилишди. Кўпроқ масалан, ўша билимлар кўникмаларга эга талабаларни чиқаришди. Баъзилари эса фақатгина борми-бор…
Шундай йўлдан кетишгани учун бу резонанс бўлди ва маълум университетларнинг соясида бошқа университетлар ҳам жабр кўрди,”– дейди Акбаров.
Ҳуқуқшунос Бектош Хотамов эса аксинча бундай фикрда эмас, у сиртқи таълим шакли ёпилишига қарши ва бунинг ортидан муаммолар юзага келишидан хавотирда.








