19:54 / 27.02.2021
4199

ССВ: Тез тиббий ёрдам хизмати босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамкорлигида тез тиббий ёрдам тизимини рақамлаштириш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.  

ССВ матбуот хизматининг соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов билан қилган суҳбатида айтилишича, бу жараёнда чақириқлар тўғридан тўғри тез тиббий ёрдам бригадаларига етказилади.

“Авваллари чақириқ ҳақидаги барча ахборотлар диспетчер томонидан қоғозга туширилиб, сўнг телефон орқали бригадаларни йўналтирувчи иккинчи диспетчерга ва ундан кейин бригадага хабар берилар эди. Бу жараён учун кўп вақт талаб этилар ва баъзи ҳолларда тез ёрдам машинаси кечикишига ҳам сабаб бўларди. Эндиликда чақирувни етказиш вақти сезиларли даражада камаяди”,- дейди вазир ўринбосари.

Таъкидланишича, янги тизим ишга туширилиши билан:

  • чақириқ манзилига энг яқин бўш турган тез тиббий ёрдам бригадасига хабар узатиш;
  • тез тиббий ёрдам машиналари ҳаракатини онлайн кузатиб бориш ва маълумотларни онлайн олиш;
  • шифокор овозини автомат шаклда матнга ўгириш;
  • касалликларнинг кунлик, ойлик ва йиллик динамикаларини кузатиб бориш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам тизимида Сall-марказлар ташкил этилиб, у ерда шифокорлар ҳам фаолият юритмоқда. Яъни шошилинч ҳолатларда “тез ёрдам” машинаси етиб боргунга қадар мутахассис томонидан телефонда беморга ёки яқинларига тегишли кўрсатмалар, биринчи ёрдам кўрсатиш ҳақида маслаҳатлар бериб турилади. Айрим сурункали касаллиги бор фуқаролар ҳам истаган пайтда бу марказларга қўнғироқ қилиб маслаҳат олишлари мумкин бўлади.

“Тиббиёт ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасига назар соладиган бўлсак, масалан, Данияда чақириқни тажрибали шифокор қабул қилади. Мутахассис қисқа саволлар орқали беморнинг ҳолатини аниқлаб, заруратдан келиб чиққан ҳолда беморни оилавий шифокор ёки ушбу ҳудуддаги навбатчи шифокорга йўналтиради ёхуд беморга тез тиббий ёрдам бригадасини юборади. Тез тиббий ёрдам бригадасини жўнатгандан кўра навбатчи шифокорни таксида беморнинг уйига жўнатиш давлат учун анча арзон тушади. Умуман олганда, ривожланган мамлакатларда тез тиббий ёрдам бригадаси ташриф буюрганда 80 фоиздан ортиқ ҳолатда беморларга шошилинч равишда даво чораларини кўриш учун шифохоналарга етказилади. Бизда эса бу кўрсаткич 15-25 фоизни ташкил этади”,- дея изоҳ беради Абдулла Азизов.

Рақамлаштириш жараёни Жаҳон банки ҳамда Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси томонидан молиялаштирилади.

Аввалроқ Абдулла Азизов тез тиббий ёрдамнинг хонадонларга бир марта бориб-келиши ўртача 150 минг сўмга тушишини айтган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев ҳам ўз телеграм каналида айрим ҳолатларда «тез ёрдам» машинаси мурожаат келиб тушган жойга кечикиб бориши ҳолатларига изоҳ бериб, бунга йўлларда «тез ёрдам» машинасига йўл берилмаслиги, манзиллар аниқ кўрсатилмаслиги, асоссиз ва ёлғон чақириқлар учрашини сабаб сифатида кўрсатганди.

Top