21:30 / 01.03.2021
5629

Мянма: Аунг Сан Суу Ки устидан суд жараёни бошланди. Қонли қирғиндан кейин ҳам намойишлар давом этмоқда

1 феврал куни ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбий хунта Мянманинг амалдаги раҳбари Аунг Сан Суу Кини қатор айбловлар бўйича суд маҳкамасига тортди. Суднинг илк йиғилишида Суу Ки хоним видеоалоқа орқали иштирок этди, ҳибсга олинганидан буён илк марта унинг олдига адвокат киришига рухсат берилди.

У бир ойдан буён уй қамоғида сақланмоқда. Аввалига уни мамлакат ҳудудига бир нечта рацияни ноқонуний йўл билан олиб кириб, импорт тўғрисидаги қонунни бузишда айблашганди. Кейинроқ фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги қонунни бузиш айблови ҳам ишга тиркалган, душанба куни эса у сайлов кампанияси даврида санитар нормаларни бузиш орқали эпидемиологик хавф туғдиришда ҳам айблана бошланди.

Дастлабки айбловга кўра уч йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилади, аммо эндиликда 75 ёшли сиёсатчига қанча муддат берилиши ноаниқ. Кейинги суд мажлиси 15 март кунига белгиланган.

Мамлакатнинг ағдарилган президенти, Суу Кининг яқин сафдоши Вин Мьин ҳам қамоқда. У фитна қўзғашда айбланган, Мянма қонунларига кўра бу айблов учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Одамлар яна кўчада
Мянмадаги давлат тўнтариши 1 феврал куни рўй берганди. Ўшандан буён бутун мамлакат бўйлаб оммавий намойишлар ва иш ташлашлар бўлиб ўтмоқда. Якшанба кунги тартибсизликлар вақтида 18 киши ўлдирилганига қарамай, душанба куни ҳам кўплаб шаҳарларда одамлар яна ҳарбийлар ҳокимиятига қарши кўчаларга чиқишди.

Халқ қонуний сайланган ҳукуматни тиклаш ва «Демократия учун миллий лига» (NDL) партияси етакчиси Аунг Сан Суу Ки ва мамлакатнинг бошқа раҳбарларини зудлик билан озод этишни талаб қилмоқда.

«Франс пресс» агентлиги хабарига кўра, душанба кунги акциялар вақтида ҳам ўқ овозлари эшитилган ва одамлар тарқаб кетган. Намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ҳам қўлланган.

Янгонда намойишчилар кўчаларда мебеллар ва бамбук тахталаридан баррикадалар ўрнатишга уринмоқда. Мамлакатда намойишлар бошидан буён ҳалок бўлганлар сони расман 21 нафар, якшанба кунги намойишлар вақтида одамлар ўққа тутилиши оқибатида 18 киши ҳалок бўлганди.

«Халқ иродасини ҳурмат қилиш»
Ҳарбий хунта ўтган йил ноябридаги парламент сайловларида қўпол қоидабузарликларга йўл қўйилгани туфайли ҳокимиятни қўлга олганини иддао қилади - сайловларда «Демократия учун миллий лига» партияси катта устунлик билан ғалаба қозонганди. Ҳарбийларнинг фикрича, бундай устунликка фақатгина натижаларни сохталаштириш йўли билан эришиш мумкин.

Шу билан бирга, бу айбловлар учун ҳеч қандай далил келтирилмаган, аммо ҳарбий ҳукумат Мянма марказий сайлов комиссияси таркибини тўлиқ ўзгартирган, жорий йил давомида янги сайловлар ўтказишни ваъда қилган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерреш ҳарбийларнинг ҳаракатларини кескин қоралаб чиқди ва жаҳон ҳамжамиятини генералларга босим ўтказишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийларга улар сайловларда «Демократия учун миллий лига»га овоз берган Мянма халқи иродасини ҳурмат қилиши кераклиги ҳақида аниқ сигнал юбориш керак.

«БМТ бош котиби Мянмадаги шафқатсиз қатағонни қатъий қоралаб, ўлим ҳолатлари ва жиддий жароҳатланганлар сони ошаётганидан чуқур ташвишдалигини билдирди. Тинч намойишчиларга жанговар қурол қўллаш ва асоссиз қўлга олишларга йўл қўйиб бўлмайди», дейилади БМТ баёнотида.

Мавзу
Мянмада ҳарбийлар исёни
1 феврал куни Мянмада ҳарбийлар мамлакатнинг амалдаги раҳбари Аунг Сан Суу Кйини ҳибсга олиб, ҳокимият армия бош қўмондони Мин Ауинг Ҳлаингга ўтганини, бир йил давомида фавқулодда ҳолат режими амалда бўлишини эълон қилишди.
Барчаси
Top