Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Одамларга ёқадиган гапни айтиш осон» - Вазир мактаб директорларини ҳимоя қилиб чиққан депутатни популизмда айблади
Вазир Шерзод Шерматов депутат Расул Кушербаевнинг танқидига жавоб берар экан, депутатлар ХТВдан давлат бюджети натижадорлигини талаб қилгани ҳолда, вазирлик ҳам мактаб директорларидан сифатли таълим бўйича натижа талаб қилиши мантиқли эканини қайд этган.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг ОТМларга кира олмаган ўқувчилари сабабли мактаб директорларининг ишдан олиниши ҳақидаги фикрларига муносабат билдирди.
«Йиллар давомида мактабда малакали ўқитувчини ишга олиш ва рағбатлантириш ўрнига, таниш-билишчилик қилиниши натижасида юзлаб битирувчиларидан бирортаси ҳам олий таълимга кирмаган мактаб директори ўз жойини натижага ишлайдиган, янги ғоялари бор номзодлар учун бўшатиши керакмасми?», дея жавобини бошлаган вазир.
Шерматов ОТМларга кира олмаган битирувчилари учун мактабларни «тўқ қизил» тоифасига киритиб, мактаб раҳбарининг ишлари кўриб чиқилганда бундай мактаблар сони камайганини кўриш мумкинлигини қайд этган.
«Натижада, бундай мактаблар сони бир йилда 3 баробарга камайди. Бу дегани, йиллар давомида умуман таълимга эътибор бўлмаган 2000га яқин маҳаллаларда жуда бўлмаса бир-иккита ўқитувчи, шифокор, муҳандис ёки бошқа олий таълим талаб қиладиган мутахассислар пайдо бўлиб, келажакда ўша ҳудуд ривожига ўз ҳиссасини қўшишни бошлашади», дея таъкидлаган у.
Вазирнинг айтишича, у депутат билан бу масалада гаплашиб олиш учун боғланишга уринган, аммо ҳаракатлари бесамар кетган.
«Ҳолатни тўлиқ ўрганмасдан берилган саволга ҳурматли депутатимиз «бу демагогия ва бошқарувни билмаслик» деб жавоб бериши менга жуда ғалати туюлди. Ушбу депутат билан боғланиб, шу масалани кенгроқ тушунтириб бермоқчи бўлдим, SMS ҳам юбордим, лекин жуда банд эканлар шекилли, сўзлашишнинг ҳеч имкони бўлмади. Шу сабабли ёзиб тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бу масалада депутатларимиз ва жамоатчилик вакилларига доим очиқ тушунтиришга тайёрмиз», дейди вазир.
Шерзод Шерматов Халқ таълими вазирлигидан таълим сифатини ошириш бўйича талаблар мавжуд бўлгандан кейин, мактаб раҳбарларидан ҳам натижаларни талаб қилиш кераклигини таъкидлади.
«Адашмасам, депутатларнинг энг асосий вазифаларидан бири бу давлат бюджетини тақсимлаш ва унинг натижадорлигини сўраш. Депутатлар томонидан ажратилган маблағлар доирасида вазирликдан таълим сифатини ошириш бўйича натижа талаб қилинганидан кейин уни мактаб директорларидан ҳам талаб қилишимиз зарурлигини таъкидлаб ўтмоқчиман.
Шу вақтга қадар, ўқувчилар билимини ўлчаш бўйича аниқ объектив механизм бўлмаган. Яъни мактаб давлат таълим стандарти бўйича билим бердими ёки йўқми деган саволга объектив жавоб йўқ. Мактаб ўқувчилари ва битирувчиларининг билимини объектив баҳолаш тизими энди яратилмоқда. «Замонавий мактаб» лойиҳаси бўйича мактаб фаолиятини тўлақонли баҳолаш учун 1000 баллик янги тизим ишлаб чиқилмоқда. Ҳолатни халқаро даражадаги кўрсаткичлар орқали ўрганиш учун 2022 йилда биринчи марта PISA синовларида ҳам қатнашамиз. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига барча мактаблар бўйича объектив рейтинг шакллантириш вазифаси ҳам юклатилган», дея маълум қилади вазир.
У йиллар давомида мактабни ўз мулкидек кўриб, ўқитувчиларни ишга олишда таниш-билишчилик қилиб келаётган директорлар фаолиятига бефарқ қараб турмаслик кераклигини таъкидлайди.
«Аслида, ушбу депутатимиз мантиғи бўйича бизга жуда осон бўлиши керак. Ўзи, нима кераги бор, директорлардан натижа сўраб. Ундан кўра, насиб қилса натижага ишлашни комплекс баҳолаш механизмлари жорий этилгандан кейин кўрамиз, деб юрсак ҳам бўлаверарди. Биз эса, ҳозирча охирги икки йилда фақат ОТМга кирганлар бўйича объектив маълумот бўлгани сабабли, жуда бўлмаса, ушбу кўрсаткичда энг паст, яъни умуман бирорта ҳам битирувчиси ОТМга кирмаган мактаблар фаолиятини ўрганиб чиқиш бўйича ишни бошлаб юрибмиз, ўзимизга ортиқча иш орттириб…
Ушбу депутатимиз таклифига кўра, йиллар давомида мактабни ўзининг шахсий мулкидек қилиб олиб, малакали ўқитувчини ишга олиш ва рағбатлантириш ўрнига таниш-билишчилик қилиши натижасида юзлаб битирувчиларидан бирортаси ҳам олий таълимга кирмаган мактаб директорига чора кўра олмасак ёки чора кўрсакда, ушбу депутатимиз таклифига кўра, улар судга бориб ютиб чиқиб, ўз ишига қайта тикланса, ундай директорлардан мамлакатимиз келажаги учун нима наф? Нима сабабдан, улар шунча битирувчисининг келажагига бефарқ бўлгани етмагандек, биз ҳам бунга бефарқ қараб туришимиз керак?», дейди ХТВ раҳбари.
Шу билан бирга, Шерзод Шерматов вазирлик томонидан мактаб битирувчиларининг 100 фоизи ёки аксарияти ОТМга кириши шарт деган талаб қўйилмаганини айтиб ўтган.
Бундан ташқари, директор ташаббускорлиги ўқувчиларнинг ОТМларга киришида ҳам муҳим рол ўйнаши таъкидланиб, мисол тариқасида Янгийўлдаги мактаб келтирилган.
«Куни кеча Янгийўл туманидаги 45-мактабга кириб, жамоаси билан анча суҳбатлашгандим. Мактаб 1968 йилда қурилган, жуда таъмирталаб ҳамда ўқувчилари сони қувватидан икки баробар кўп бўлишига қарамай, туманда айнан шу мактаб ОТМга кириш бўйича энг яхши натижага эга. Сабаби, директори жуда ташаббускор ва яхши жамоани шакллантира оладиган раҳбар экан. Ота-оналар билан ҳамкорликни тўғри йўлга қўйиб, барча синфхоналарга овозли камералар ҳам ўрнатишибди ва дарс таҳлилини ушбу камералар орқали олиб боришар экан. Кираётганимда болалар автобусга чиқаётганини кўриб сўрасам, бу ҳам ота-оналар билан ҳамкорликда болалар учун алоҳида ташкил қилинганини айтишди. Икки нафар директор ўринбосарига бошқа мактаблардаги вакант директорлик лавозимларига номзодини ish.uzedu.uz орқали юборишни тавсия қилсам, жамоада муҳит яхши бўлганидан, улар ушбу жамоани ташлаб кетмасликларини айтишди. Бемалол ушбу директоримизга «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонини бериб, янада яхшироқ мукофотларга тавсия қилса бўлади», дейди у.
Шерзод Шерматов биноси ушбу мактабникидан анча яхши бўлган ҳамда ўқувчилари сонининг мактаб қувватига нисбати камроқ бўлган қатор бошқа мактабларга кирганида, директори ишни тўғри ташкил қилмагани учун улардаги жамоа ҳам ўзаро ҳамжиҳатмаслигига ва натижа ҳам пастлигига гувоҳ бўлганини айиб ўтган. Шу билан бирга, ташқи факторлар бир хил бўлса ҳам, (дастур, китоблар, ажратилаётган маблағ ва ҳ.к.) мактабдаги муҳит ва натижа мактаб директорига кўп жиҳатдан боғлиқлигини айнан шу мисолларда ҳам кўриш мумкинлиги таъкидлаб ўтилган.
«Бу депутатимизнинг интернетда анчагина машҳурлигини инобатга олиб, айтаётган гаплари қандай оқибатга олиб келишига яхшироқ эътибор қаратсалар тўғри бўлар эди. Одамларга ёқадиган гапни айтиш осон, лекин бу сўзлар ўзининг устида ишламайдиган ва натижа кўрсатмайдиган директорларга ўз жойларини натижага ишлайдиган янги ғоялари бор номзодлар учун бўшатмасликка яна баҳона бўлиши мумкин, афсуски. Популизм муҳимроқми ёки фарзандларимизнинг келажакдаги муваффақияти учун директорларни ҳаракатга ундашми? Қадриятларимиз ва танловимиз икки хил экан», дейди Шерзод Шерматов.
Вазир жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатлари янги директорлар номзодларини кўриб чиқишда, ҳақиқий муносиб номзодларни адолатли тарзда танлаб олишларига, ҳамда танлов жараёнларини тўлиқ шаффоф равишда интернетда видео орқали ёритиб боришларига умид билдирган.
«Айнан янги директорларни депутатлар томонидан танлаб олиш жараёнида ОАВ ва блогерларнинг жамоатчилик назорати жуда муҳим», дейди у.
- Бундан аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «Янгийўлликлар ТВ» лойиҳасига берган интервьюсида ОТМга кира олмаган ўқувчилари сабабли мактаб директорларининг ишдан олинишига ўз муносабатини билдириб, буни демагогия сифатида баҳолаган ва ўқувчилар ОТМга кира олмаслигида ўқитувчиларнинг айби йўқлигини таъкидлаганди. «Боланинг тадбиркорликка қизиқиши бўлса, ўқишга киришни хоҳламаса ҳам биз ўқитувчини айблаймизми?», деганди депутат ва бундай талаб қонунчилик ёки Меҳнат кодексида белгиланмаганини қўшимча қилганди.
Мавзуга оид
20:23 / 12.02.2026
“15 млн кишининг маълумоти сотувда тургани йўқ” — Шерзод Шерматов
11:02 / 12.02.2026
Киберҳужумда 60 мингтага яқин шахсий маълумот тарқалган – Шерзод Шерматов
18:40 / 09.08.2025
Жаримабозлик: Экология вазирлиги фақат жарима ўйлаб топгани тузилганми?
17:42 / 08.07.2025
