Иқтисодиёт | 22:24 / 02.03.2021
5638
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон транспорт юк айланмаси ҳажми 40 миллиард тоннадан ошди

2030 йилга бориб, Ўзбекистонда юк ўтказиш ҳажми 2,1 миллиард тонна, соҳага ётқизилган инвестиция эса 1,9 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

2020 йили Ўзбекистонда юк ўтказиш умумий ҳажми 1,3 миллиард тоннани ташкил этди. Ушбу кўрсаткич ўтган мос даврга нисбатан 4,6 фоизга кўп, шунингдек, жами транспортларда юк айланмаси ҳажми 40,1 миллиард тоннага етган. Бу ҳақда Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев 2 март куни ўтказилган давра суҳбатида маълумот берди.

Шунга қарамай, Ўзбекистон транспорти соҳасида бир қатор муаммолар ҳам мавжуд. Мутасаддининг айтишича, булар айни пайтда чегарада узоқ вақт қолиб кетаётган юклар, турли фарқдаги оғирлик ва габарит стандартларнинг амалда экани, назорат ўтказиш пунктлари иш вақти чекланганлиги, халқаро аҳамиятга эга йўлларда хизмат кўрсатиш сифати паст экани билан боғлиқ.

«Бугунги кунда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 6,4 фоизи транспорт хизматлари соҳасига тўғри келади. Умумий инвестициянинг 7,4 фоизи, хизмат кўрсатиш соҳасининг 29,5 фоизи ҳам транспорт улушига тўғри келади. 2030 йилга бориб, Ўзбекистонда юк ўтказиш ҳажми 2,1 миллиард тонна, соҳага ётқизилган инвестиция эса 1,9 миллиард долларга етиши кутилмоқда», — дейди Чориев.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи қарзининг ҳажми 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 21,1 миллиард доллар ёки ЯИМга нисбатан 36,5 фоизни ташкил этди. Ўтган йили жами давлат ташқи қарзининг 17,5 фоизи ёки 3,7 миллиард доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга сарфланди. Хусусан, 2,4 миллиард доллар транспорт ва транспорт инфратузилмасига йўналтирилган.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид