Жаҳон | 08:32 / 02.03.2021
3524
2 дақиқада ўқилади

Туркияда чекловлар юмшатилиши бошланди 

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 1 март куни коронавирус сабабли 3 ойдан кўпроқ вақт олдин киритилган чекловлардан кейин одатий ҳаётга қайтиш жараёни бошланганини эълон қилди.   

Фото: Erhan Demirtas/NurPhoto

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 1 март куни коронавирус сабабли 3 ойдан кўпроқ вақт олдин киритилган чекловлардан кейин одатий ҳаётга қайтиш жараёни бошланганини эълон қилди.   

Туркия етакчисининг айтишича, мамлакатдаги барча вилоятлар 4та тоифага бўлинади ва уларга турли ранглар берилади: кўк, сариқ, зарғалдоқ ва қизил. Ранглар ҳудудда коронавирус билан боғлиқ вазиятдан дарак беради. Эрдўған намойиш қилган харитага кўра, Туркиядаги асосий туристик йўналишлар, жумладан Анталия, Истанбул, Измир ва Муглуга зарғалдоқ ранг берилган, бу эса ушбу шаҳарларда коронавирус тарқалиши хавфи юқори эканини англатади. Бир қатор марказий вилоятлар, жумладан Анқара ўрта хавфга эга ҳудуд деб топилган. 

 “1 март кунидан одатий ҳаётга қайтиш бўйича назорат қилинувчи жараён бошланмоқда. Паст ва ўрта хавфга эга вилоятларда дам олиш кунлари комендантлик соати тўлиқ бекор қилинади, юқори ва ўта юқори хавфга эга ҳудудларда эса фақат якшанба куни уйдан чиқишга чеклов амал қилади. Иш кунлари соат 21дан соат 5гача амал қилувчи комендантлик соати ўз кучида қолади”, деб айтган Эрдўған. 

Бундан ташқари, кафе ва ресторанлар яна мижозларни қабул қилиши мумкин. “Ресторан ва кафелар 50 фоизга тўлган ҳолда соат 7дан соат 19гача мижозларни қабул қилиши мумкин”, деб қўшимча қилган Эрдўған. Бироқ бу юмшатишлар инфекция тарқалиши хавфи ўта юқори бўлган ҳудудларда амал қилмайди.

Шу билан бирга, бирор ҳудудда вазият ёмонлашгудек бўлса, маҳаллий маъмурият бунга мос равишда тегишли чораларни кўриши мумкин.

Айни вақтда Туркияда коронавирусга чалинганлар сони 2,7 млндан ошиб кетди, 28 мингдан кўпроқ киши вирусдан вафот этган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид