Norma’нинг ёзишича, ўзгартиришларга мувофиқ ЖПКга қуйидагилар киритилади:
1. Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш – гувоҳ ва жабрланувчини (фуқаровий даъвогарни) ишни судга қадар юритиш босқичида прокурор илтимосига биноан сўроқ қилиш, бу суд томонидан амалга оширилади.
Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш учун асослар, уларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш шартлари, кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тартиби ва кўрсатувлари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилган шахсни қайта сўроқ қилиш учун асослар белгиланди.
2. Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув қуйидагилар учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади:
- жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш;
- жиноят ишини айблов далолатномасини, айблов хулосасини ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юбориш;
- ЖПКда назарда тутилган ҳолларда жиноят ишларини бирлаштириш;
- номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш тўғрисида тарафлардан бирининг илтимоси мавжуд бўлса, ушбу далилларни чиқариб ташлаш.
Жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни ўтказиш тартиби ва муддатлари, жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш, шунингдек суд ажримини чиқариш, унинг устидан шикоят бериш ва протест келтириш ва бошқалар тартиб-таомиллар белгиланди.
3. Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув – жиноят иши юритишни назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишув. У ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноят очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан тузилади.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувни тузиш шартлари, келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани бериш ва уни кўриб чиқиш, шунингдек айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувни суд томонидан кўриб чиқиш, ҳукм чиқариш тартиби ва бошқа тартиб-таомиллар белгиланди.
ЖКга 57-2-модда киритилди. Унга мувофиқ айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича тайинланадиган жазо муддати ёки миқдори ЖК Махсус қисми тегишли моддасида (қисмида) назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги керак.















