10:41 / 04.03.2021
2137

Lufthansa рекорд миқдорда зарар кўрганини эълон қилди

Lufthansa раҳбари Карстен Шпор 2021 йил ҳам анча қийин кечишини айтди. Унинг тахминича, бу йил компаниянинг ташув ҳажми 2019 йилги кўрсаткичнинг 40-50 фоизини ташкил этади.

Фото: EPA/Vostock-photo

Германиянинг Lufthansa Group авиаконцерни коронавирус пандемияси оқибатида 2020 йилда 6,7 млрд евро зарар кўрди. Бу ҳақда компания ҳисоботида айтилмоқда

Қайд этилишича, 2019 йилда барча солиқлар тўланганидан сўнг авиаконцерннинг даромади 1,2 млрд еврони ташкил этган. Аммо 2020 йилда коронавирус пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари натижасида 6,7 млрд евро зарар кўрган.

 Lufthansa раҳбари Карстен Шпор 2021 йил ҳам анча қийин кечишини айтди. Унинг тахминича, бу йил компаниянинг ташув ҳажми 2019 йилги кўрсаткичнинг 40-50 фоизини ташкил этади. Аввалроқ компания бу кўрсаткични 60 фоизгача етказишни режалаштирганди.

Шпор Lufthansa 2021 йилда камроқ зарар кўришига ва давлат томонидан ажратилган 9 млрд евро миқдоридаги молиявий кўмакни тўлиғича ишлатишга тўғри келмаслигига умид билдирди.

Lufthansa 2020 йилда 20 минг нафар ходимини ишдан бўшатганди. Шунингдек, компаниянинг 7,5 минг киши ишлайдиган LSG бўлинмаси сотиб юборилган.

 

Top