Жаҳон | 11:43
776
2 дақиқада ўқилади

Lufthansa учувчилари 24 соатлик иш ташлаш эълон қилди

Lufthansa учувчилари ва борткузатувчилари касаба уюшмалари 12 феврал куни 24 соатлик иш ташлаш ўтказишини маълум қилди. Улар пенсия шартларини яхшилашни ва компанияда ходимлар сони қисқартирилиши масаласи юзасидан раҳбарият билан музокаралар олиб боришни талаб қилмоқда.

Фото: Reuters

Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси учувчилари ва борткузатувчилари пайшанба куни, 12 февралда 24 соатлик иш ташлаш уюштиради. Бу ҳақда сешанба куни, 10 февралда учувчилар касаба уюшмаси Vereinigung Cockpit (VC) ва борткузатувчилар касаба уюшмаси UFO хабар берди. Улар Lufthansa ходимлари учун пенсия шартларини яхшилаш, шунингдек компанияда кутилаётган штат қисқартиришлари бўйича раҳбарият билан музокаралар ўтказишни талаб қилмоқда.

Иш ташлаш муносабати билан Lufthansa Франкфурт-Майн, Мюнхен, Ҳамбург, Берлин, Дюссельдорф ва Германиянинг бошқа шаҳарларидаги аэропортлардан парвоз қилиши керак бўлган барча рейсларни бекор қилади.

VC вице-президенти Андреас Пинейру касаба уюшмаси аъзолари “кескинлашувдан жуда қочишни истаганини”, аммо Lufthansa раҳбарияти томонидан ҳеч қандай ён бериш бўлмаганини айтди. Авиакомпания матбуот котиби Марк Барон эса иш ташлашни “номувофиқ чора” деб атаб, касаба уюшмаларини мулоқотга чақирди.

Lufthansa’нинг сўнгги молиявий ҳисоботига кўра, 2024 йилда компания фойдасининг бешдан бир қисмини йўқотган, компаниянинг рентабеллиги эса бошқа етакчи Европа фуқаролик авиакомпаниялари кўрсаткичларидан орқада қолган.

Шу фонда Lufthansa қарз юкини пасайтириш мақсадида харажатларни қисқартиришни эълон қилди. Хусусан, компания тахминан 4000 та иш ўрнини (умумий штатнинг қарийб 4 фоизи) қисқартиришни режалаштирмоқда. Қисқартиришларнинг тахминан 800 таси борткузатувчилар штатига тўғри келади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид