Жаҳон | 14:02 / 05.03.2021
13787
2 дақиқада ўқилади

АҚШ қирғизистонлик жиноий авторитет ҳақидаги ахборот учун 5 миллион доллар ваъда қилди

АҚШ давлат департаменти қирғизистонлик жиноий авторитет Қамчибек Колбаевни ҳибсга олишга ёки унинг жиноий ташкилоти молиявий оқимларини издан чиқаришга ёрдам берувчи ахборот учун мукофот пулини 5 млн долларгача оширди. 

Аввалроқ 46 ёшли Колбаев ҳақидаги ахборот учун ваъда қилинган мукофот пули 1 млн долларни ташкил қилган.  

Давлат департаментида таъкидланишича, қирғизистонлик жиноий авторитет 2000 йилда жиноий гуруҳдаги собиқ хўжайини ҳаётига суиқасд қилиш ва яна 2 кишининг ўлдирилиши учун судланиб, 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бироқ у панжара ортида 6 йил ўтказгач, у ердан қочиб кетган.

2012 йилда АҚШ махсус хизматлари Колбаевни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига киритган. Бундан ташқари, у АҚШ ҳукумати томонидан собиқ иттифоқ давлатларидан бўлган 10 жиноий авторитет номи киритилган “қора рўйхат”га тушган.  

АҚШ молия вазирлиги маълумотларига кўра, Колбаев “Биродарлик ҳалқаси” халқаро жиноий гуруҳига киради, порахўрлик, одам савдоси ҳамда бошқа ноқонуний фаолиятлар билан шуғулланади. 

Колбаев 2020 йил 22 октябрда Бишкекда қўлга олинган. 2021 йил 24 февралда Бишкек туман судларидан бири уни ҳибсда ушлаб туриш муддатини 22 мартгача узайтирган. Бироқ 2 март куни Бишкек шаҳар суди ҳайъати унга нисбатан эҳтиёт чорасини ҳеч қаёққа чиқиб кетмаслик ҳақидаги тилхатга ўзгартириб, озодликка чиқарган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид