ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ҚҚС зачётини бекор қилиш масаласида эълон қилинган танқидий чиқишларга жавобан Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) ахборот хизмати ўз сайтида расмий муносабат эълон қилди. Баёнотда муаллифлар номи тилга олинмаган, лекин «қўштирноқ ичидаги экспертлар» дейилган. Яхши, биз «қўштирноқ ичидаги экспертлар» бўла қолайлик.

Энди муносабатнинг мазмун-моҳиятига тўхталамиз. ДСҚ ахборот хизмати ушбуларни таъкидламоқда:

  • ДСҚнинг «ҚҚС тўловидан қочиш «схема»ларига қарши фаол курашиш борасида бошланган» барча ҳаракатлари «мантиқий, изчил, мавжуд солиқ қонунчилиги доирасида» эканлиги, халқаро солиқ маъмурчилигида кенг фойдаланилиши қайд этилган;
  • 500дан ортиқ «шубҳали» фирмалар реестри «64та мезонга асосланган «Хавфларни таҳлил қилиш» автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилгани» қайд этилган;
  • Ўтказилган камерал назорат натижалари ушбу «шубҳали» фирмалар билан ишлаган ҳар бир субъектнинг қалбаки ҳужжатлари ортида товарларни сотиш ёки хизматлар кўрсатиш каби ҳақиқий ҳолатлар мавжуд эмаслигини исботлаган.

Ахборот хизматига саволлар:

1. «Хавфларни таҳлил қилиш» тизими аниқлаган 64та мезоннинг айнан қайсилари «шубҳали» компанияларни «нақдлаштирувчилар» сирасига қўшишни таъминлайди? Аввалроқ эълон қилинган мезонларда «нақдлаштирувчилар» белгисига ўхшаш ҳеч нарса йўқ эди. Ҳозирча мутлақо тушунарсиз ҳолда «шубҳали» ва «нақдлаштирувчи»лар ДСҚ терминологиясида синонимларга айланиб қолди.

2. Нега сохта келишув тузган ва/ёки ҚҚС тўламаган «шубҳали» компанияларга эътирозлар суд тартибида баён этилмаган?

3. Қандай қилиб «камерал назорат» мобайнида 7,5 мингдан ортиқ корхонанинг «шубҳали» компаниялар билан тузилган келишувлари сохта эканлиги аниқланган (яъни ДСҚ ўз шубҳаларини текшириб кўрган ва мўъжиза юз бериб, текширув кутилмаганда ўзларининг ҳақлигини кўрсатган)? Бу уникал услуб эканки, сенсацион ихтироларни қилишга изн берса? Марҳамат қилиб, ўртоқлашинглар.

4. Ахборот хизматининг бир энликкина хабаридан англашиладики, «камерал назорат»га кўра, тадбиркорлар қандайдир «тасдиқловчи ҳужжатлар» тақдим этишлари лозим бўлган. Агар бундай ҳужжатлар тақдим этилмаса, келишув автоматик равишда сохта деб ҳисобланар экан. Мен «камерал назорат»нинг моҳиятини тўғри англадимми ёки нимадир чала айтилдими? Солиқ тўловчилар айнан қандай ҳужжатлар тақдим этишлари керак эди? Қонунчиликнинг қайси меъёрлари бу ҳужжатларга эга бўлиш ва уларни тақдим этиш мажбуриятини юклайди? Илтимос, жавоб беринг.