Жаҳон | 12:58 / 06.03.2021
3226
2 дақиқада ўқилади

ЮНИСEФ: 168 миллиондан ортиқ бола қарийб бир йил давомида мактабга бормаган

Карантин чекловлари натижасида 168 миллиондан ортиқ бола бир йилдан бери мактабга бормаган, шунингдек, дунёдаги ҳар етти боладан бири кундузги таълимнинг тўртдан уч қисмида қатнашмаган.

Фото: UNICEF via Getty Images

СOVID-19 пандемияси сабабли ўрнатилган карантин чекловлари натижасида дунё бўйлаб 168 миллиондан ортиқ бола бир йилдан бери мактабга бормаган. Бундан ташқари, 214 миллионга яқин ўқувчи ёки дунёдаги ҳар етти боладан бири кундузги таълимнинг тўртдан уч қисмида қатнашмаган.

ЮНИСEФ таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, дунёнинг 14 мамлакатидаги мактаблар 2020 йил мартидан бошлаб, 2021 йил февралигача асосан ёпиқ бўлган. Ушбу мамлакатларнинг учдан икки қисми Лотин Америкаси ва Кариб денгизи ҳавзасида жойлашган бўлиб, бу ердаги 98 миллион мактаб ўқувчиси мактабга бориш имкониятига эга бўлмаган.

«Дунё бўйлаб ўрнатилган фавқулодда ҳолат сабаб таълим олишда чекловлар ўрнатилди. Ўтаётган ҳар бир кун билан, таълим олишдан узилиб қолган болалар тобора ортда қолмоқда ва бу учун ҳали энг оғир тўлов тўланади. Биз ушбу болалар учун чекланган ёки мактабга бориш имконияти йўқ иккинчи йилни ўтказишга қодир эмасмиз», деди ЮНИСEФ ижрочи директори Ҳенриетта Фор.

ЮНEСКО сўнгги маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 888 миллиондан ортиқ бола мактабларнинг тўлиқ ва қисман ёпилиши сабабли таълим олишда узилишларга дуч келмоқда. Бу ҳолат болалар никоҳи ва уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш хавфини ошириши айтиб ўтилган.

«Ўқувчилар ўз синфларига қайтиб келганда, уларни қайта тиклаш ва ўқишни давом эттириши учун қўллаб-қувватлаш керак бўлади. Мактабни қайта очиш режалари болаларнинг йўқолган таълимини тиклаш бўйича ҳаракатларни ўз ичига олиши керак», дейилган баёнотда.

Мавзуга оид