Жаҳон | 12:11 / 07.03.2021
1723
2 дақиқада ўқилади

БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича XIV Конгресси ўз ишини бошлади

Фото: Kyodo

7 март куни Япониянинг Киото шаҳрида БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича XIV Конгресси пандемия сабабли амал қилаётган чекловлар ортида гибрид форматда ўз ишини бошлади. Ҳар 5 йилда ўтказиладиган анжуман 2020 йилда ўтказилиши керак эди, бироқ пандемия сабабли 2021 йилга кўчирилганди.

Чекловлар сабабли конгресс ўтказиладиган халқаро марказда иштирокчилар сони чеклаб қўйилган.

Конгресс очилиши маросимига Япония бош вазири Ёсихидэ Суга ташриф буюрган. У ўз нутқида пандемия вақтида кибержиноятлар ва онлайн-фирибгарликлар сони ошаётганидан хавотир билдирган. 

Конгресс иштирокчиларига видеоалоқа орқали БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам мурожаат қилиб, жинотчиликнинг олдини олиш, жиноий судлов ва қонунни ҳурмат қилиш жамиятнинг энг муҳим ташкил этувчиси эканини таъкидлаб ўтган.    

“Кейинги 6 кун ичида қонун устувор бўлган ва ҳеч ким ортда қолмайдиган жамиятни яратишимиз учун ёрдам берадиган ёндашувлар ва тажрибаларни муҳокама қиламиз”, деб айтиб ўтган конгресс раиси ва Япония адлия вазири Йоко Камикава. У пандемияга қарамай ушбу анжуманнинг ўтказилиши муҳимлигини таъкидлаб ўтган ва барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирган. Конгресс 12 мартгача давом этади.

БМТнинг ушбу конгресси 1955 йилдан бери ўтказиб келинади. У жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов соҳасидаги энг нуфузли анжуман ҳисобланади. Унда ушбу соҳадаги янги тенденциялар ва муаммоларни аниқлаш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида ҳукуматлар, ҳукуматлараро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этишади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид