Республика ихтисослаштирилган гематология маркази 1941 йилдан бери илмий-текшириш институти мақомида фаолият кўрсатиб келган, 2020 йил феврал ойида илмий-амалий марказга айлантирилган. Марказ республикада гематологик хизматни шакллантириш, ҳудудлар ва марказда методик ёрдам бериш, даволаш протоколлари, ташхис стандартларини ишлаб чиқиш каби вазифалар билан шуғулланади. Марказ филиаллари вилоят кўп тармоқли касалхоналар қошида катталар гематология бўлимлари ҳамда вилоят кўп тармоқли болалар шифохоналарида болалар гематология бўлимлари сифатида фаолият юритади.
Марказ директори Абдураҳмон Қаюмов Kun.uz билан суҳбатда онкогематологик (қоннинг ўсма/саратон хасталиклари) касалликларни даволаш бепул бўлса-да, беморлар маблағга зарурат сезиши, онкопсихология хизматига эҳтиёж, қоннинг ўсма касалликларидан тузалиш кўрсаткичлари ҳақида маълумот берди.
«Болалар мурожаатларининг 20-25 фоизи оққон касалликлари»
Республика ихтисослаштирилган гематология маркази 260та ётоқ жойга эга бўлиб, улардан 105таси болаларга, қолгани катталарга мослаштирилган. Ҳудудлар кесимида 405га яқин болалар учун ва худди шунча катталар учун койка ўринлари мавжуд.
Йил давомида республика бўйича марказ поликлиникаларига 60 минг атрофида мурожаат бўлиб, улардан 20-30 фоизи болалар билан боғлиқдир. Хусусан, болаларнинг тиббий ҳолати бўйича қилинган мурожаатларда ташхис қўйилиб, таҳлиллар ўтказилганда умумий нисбатнинг 20-25 фоизи оққон касалликлари экани аён бўлади.
Қандай даво турлари қўлланмоқда?
Ҳозиргача фанда маълум бўлган қоннинг ўсма касалликларини даволаш бўйича дунё протоколлари мавжуд. Ўзбекистонда ҳам уларнинг даволашга маблағ, дори воситалари ажратилган. Шунингдек, ажратилаётган пул маблағлари йилдан йилга кўпайтириб борилмоқда. Хусусан, яқинда ҳужайра даражасида ташхислашни йўлга қўйиш учун 200 минг доллар қийматида ускуна ва реагентлар харид қилинди. Кимётерапия амалиётлари учун 48 турдаги кимёвий препаратлар ҳам харид қилинган. Суяк ўзак ҳужайраларни кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.
Ҳозирда оққон касалликларини даволашда таргет, яъни нишонга олувчи препаратлардан фойдаланилмоқда. Улар жуда қимматбаҳо ва юқори самарадор ҳисобланади. Улар фақатгина касал ҳужайрага таъсир кўрсатади ва соғлом ҳужайраларга зарар етказмайди.

















