21:20 / 12.03.2021
9820

Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида газ портлаши оқибатида икки киши жароҳатланди

Андижон шаҳридаги маҳаллалардан бирида жойлашган кўп қаватли уйда газ портлаши оқибатида ёнғин келиб чиқиб, икки киши жабрланди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

«2021 йил 12 март куни соат 17:22ларда Андижон шаҳар «1-сон» МФЙ 2-кичик даҳа Фурқат кўчаси 24-уй 9-хонадонда газ ва ҳаво аралашмаси чақнаши натижасида ёнғин келиб чиққан, содир бўлган ёнғиндан яшаш хонадонининг 50 кв.м. майдони ва уй-рўзғор буюмлари ёнган.

Воқеа жойига вилоят ФВБнинг 4та ёнғин ўчириш экипажи ва 1та автонарвони 17:25да етиб бориб, 17:28да ўраб олинган ва 17:40да тўлиқ бартараф этилган. Қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида кўп қаватли уйнинг тахминан 1200 кв.м майдонда том қисми ва қўшни хонадонлар ёнғиндан сақлаб қолинган», дейилади хабарда. 

Ҳодиса натижасида уй эгаси ва унинг набираси 50 фоизлик термик куйиб, шифохонага ётқизилган.

Чақнашнинг асосий сабаби табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши деб тахмин қилинмоқда. Воқеа жойига вилоят ФВБ, ИИБ, ССВ ва бошқа тегишли идораларнинг куч ҳамда воситалари жалб қилиниб, содир бўлган вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

«Фавқулодда вазиятлар вазирлиги газ ва иситиш мосламаларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилишингизни сўрайди», дейилади вазирлик хабарида.

Top