Ўзбекистон | 13:44 / 13.03.2021
9647
2 дақиқада ўқилади

Адвокат эканини айтиб, 5 минг доллар олган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

2021 йилнинг 14 январь куни 37 ёшли Санжар О. Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят иши бўйича 32 ёшли Хушвақт Д.га ўзини ҳимоячи деб таништирган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департамент хабарига кўра, Санжар О. Хушвақт Д.га тергов даврида ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, айбсиз олиб чиқиб кетишга ваъда бериб, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри “Тараққиёт” маҳалласи ҳудудида жойлашган автовокзалда жами 5 000 АҚШ доллари пул маблағларини қўлга киритиб, берган ваъдасини бажармаган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, Санжар О.нинг адвокатлик лицензияси йўқлиги, унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, суд процесси жараёни бўлаётгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Гулистон шаҳри ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Санжар О.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) тегишли қисм ва бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

“Ҳурматли фуқаролар, мулкингиз ва пулларингизни нотаниш ҳамда сизга ҳалол инсон сифатида таниш бўлмаган инсонларга ўз хоҳишингиз билан берманг. Фирибгарларнинг тўрига тушмаслик ўз қўлингизда”, дейилади маълумотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид