Ўзбекистонда АСКУЭ, яъни электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига ўтиш бошланганидан буён бу борадаги муаммолар кўплаб истеъмолчилар эътирозига сабаб бўлиб келмоқда.

Тўлов қилинса-да, электр энергиясини узатиш вақтида тикланмаётгани, олдиндан тўлов қилингач, ҳисобдаги маблағ тез тугаб қолаётгани ҳақида жумладан Kun.uz'га ҳам мурожаатлар келишда давом этмоқда. Биз айни муаммолар юзасидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов билан суҳбатлашдик.

– Ҳисобида пул тугаган истеъмолчилар автоматик тармоқдан узиб қўйилмоқда ва ёқиш учун пул тўланганида, автоматик равишда тармоққа қайта уланмаётгани ҳақида ҳамон шикоятлар етарлича. Бу муаммо қачон тўлиқ ечим топади?

– Бу савол истеъмолчилар томонидан жуда кўп бериляпти. Қисқача қилиб айтганда, бугунги кунда бутун республика бўйича 6 миллион 90 мингтага яқин ҳисоблагич ўрнатилди. Бу – қарийб 82 фоиз истеъмолчи қамраб олинди дегани. Режага асосан, мамлакатда жами 7 миллион 400 мингтага яқин ҳисоблагич ўрнатишимиз керак.

Ҳозиргача ўрнатилган ҳисоблагичларнинг 3 миллион 600 мингтадан ортиғи биллинг тизимига уланган. Яъни шунча ҳисоблагични ўчириб-ёқиш имкониятимиз бор.

Албатта, қарздорликка кирганидан кейин бу тизим электрни автоматик тарзда ўчиради. Тўлов қилингач, маълум муддатдан кейин автомат (дастур)нинг ўзи ёқиб беради. Ўчганидан кейин тез ёқилмаётганига келсак, ҳурматли истеъмолчиларимиз яхши билишлари керакки, бу лойиҳа ҳозирда жорий этиш жараёнида. Ҳали тўлиқ охирига етмаган. Дастурлари ҳам янги. Бу дастурларни ҳозир жорий этиш, улаш, алоқаларини ўрнатиш ишлари кетяпти. Ўз навбатида, қайсидир жараёнларда камчиликлар бўлиши мумкин.

Дастуримиз биллинг тизимига асосан ишлайди. Биллинг фойдаланилган электр энергияни ҳисоб-китоб қилиб, ҳисоблагичдан маълумотларни олади ва қарздорлик бўлса, KAC тизимига маълумот узатади. KAC электрни автоматик тарзда ўчиради. Буни дастурнинг ўзи амалга оширади. KAC тизимини «Корея телеком» компанияси жорий қилган.

Олдин электрни ўчириб-ёқишлар 3 та дастурда амалга ошириларди. Улар ҳисоблагич ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг дастурлари эди. Биз авваллари ҳам айтгандик, булар KAC тизимига ўтганидан кейин бир меъёрда ишлашни бошлайди, деб.

Ҳозирги кунда барча ҳисоблагични ўша 3 тадан битта дастурга ўтказдик. Ҳозирда республика бўйича битта дастурда ишлаяпти. Мақсадимиз ҳар хил дастурларда ишлаш эмас, битта дастурда ўчириб-ёқишларни амалга ошириш эди. Буни мана ниҳоят уддаладик. Охирига етказдик.